Contenuto
Фуқаролар Давлат ҳаётида ва аксинча Давлат ўз фуқаролари ҳаётида қандай бўлиши керак? 1990 йилда Ироқ ва Қувайт ўртасидаги уруш пайтида 170 000 дан ортиқ ҳиндистонликлар бегона юртда қолиб кетади. Пулсиз, алоқасиз ва эртанги кунга умидсиз. Ўша уруш сабабли Ҳиндистон дунё тарихидаги энг катта эвакуациялардан бирини амалга оширади — у ўз фуқароларини уруш ичидан олиб чиқади. AIR India компанияси Гиннесс рекордлар китобига кирган 488 парвозни амалга оширади. Бу воқеани мен дам олиш кунлари томоша қилган "Қутқарув парвози" ("Airlift") ҳинд киноси орқали кўрдим. Бу мен учун шунчаки кино эмаслигини ҳис қилдим. Энг аввало юртимдаги тинчликка Аллоҳга чесиз ҳамдлар айтган бўлсам, яна менга таъсир қилган бошқа ҳолатлар ҳам кўп бўлди. Бу ҳақда нима учун ёзаётганимни охирида хулоса қиламан. Фильмдан кичик воқеа: Ўзларини деярли қувайтлик деб ҳисоблаган ҳиндлар ўша қийин онларда ўз Давлатидан паноҳ кута бошлашади. Ўшанда бир ҳинд бошқасига "нимага бизга Давлат ёрдам бермаяпти. Нима қилиб берди бизга Давлат" деган саволларни қўяди. Шунда бошқаси аслида биз ўзимизни қувайтлик деб ҳисоблар эдик, шу ерда яшаяпмиз, "Энди бошга иш тушганда бирор жойи оғриганда онасини эслаган боладай Давлатимизни эслаб қолдик. Биз ўзимиз Давлатга нима қилдик?" деган жавобни беради. Кўпгина ҳаракатлар натижасида улар Давлатдан ёрдам олишга эришишади. Ҳиндистон ҳукумати ўз фуқароларини эвакуация қилиш ечимини қилади ва бу учун бор имкониятини сафарбар қилади. Шу ерда бир нарсани ўйлаб қолдим, қаранг аслида киносанаъти — бу шунчаки ҳикоялар жамланмаси эмас. Бу давлат образини яратадиган куч. Бу тарихни, қадриятларни кўрсатадиган ва ишончни шакллантирадиган кучли восита. Бизнинг Давлатимиз ҳам турли қийин инқирозли вазиятларда, масалан пандемия пайтида, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазиятларда ўз фуқароларини ҳимоя қилган ва қилиб келмоқда. Бизда ҳам кўрсатса бўладиган шундай ҳикоялар бор. Лекин улар ҳали ҳам бундай кучли ҳикояларга ва ҳис-туйғуларга айланмаган. Фильмни якунида аэропортда ҳиндларни эвакуацияси учун кўтарилган байроқдан ҳудди ўзим қутқарилаётгандек суюндим, тасаввур қилинг ўзимизни байроқни кўрганда қандай таъсир қилиши мумкин. Бизнинг киносаноатда ҳам шундай ҳақиқий, кучли ва табиий равишда инсонни ўз Давлатига меҳрини оширадиган воқеалар кўп ва уларни кўтариш керак. Эҳтимол шундай ҳикоялар орқали Давлат имиджи нафақат ўзимиз балки халқаро даражада ҳам ошади. Фильмни албатта кўришни тавсия қиламан. Ўйлаб кўриш ва хулоса қилиш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.