Contenuto
#тақриз_танлов “Кўнгил озода”ни ўқир эканман Муннабой деган ҳинд киноси хаёлимга келди. Кинонинг бош қаҳрамони узлуксиз равишда Маҳатма Ганди ҳақида ўқиши натижасида кўзига Ганди кўринадиган, унга йўл-йўриқ кўрсатадиган бўлиб қолади. Бизнинг Ғуломжон ҳам “Зарбулмасал”ни муттасил мутолаа қилиши оқибатида Гулханийга ошно тутинди. Баьзан Муҳаммад Шариф билан тортишарди, бьзан хафалашарди, бьзан эса фикрлари бир жойдан чиққани учун завқланарди. Аслида Ғуломнинг кўзига кўринаётган, унга дўст тутинган Гулҳаний Ғуломнинг ўзи эди. Унинг ички “мен”и эди. Ҳар биримиз икки шахсдан иборатмиз. Ботинимда бир Гуласал бўлса, зоҳиримда бир Гуласал мавжуд. Бу иккиюзламачилик деганимас. Ғуломжон Гулханий билан тортишяпман деб ўйларди-ю аслида ўзи билан тортишарди. Гулханий Зарбулмасал орқали унинг тафаккурига ўрнашиб олганди холос. Х. Султон Ғуломжон образини жуда мос танлаган. Ғуломжон мозий адабиётини ўрганаётган илмий ҳодим. Агар унинг ўрнига банкир, доктор ёки деҳқон танланганда асарга ёпишмасди. Банкирлар адабиётчилар сингари ҳаёлпараст бўлмайди(ҳаёлпарастликни бу ерда ижобий тушунилсин). Адабиётшуносларгина Ғуломжон каби адабийчаниям адабийчасида сўзлолади. Асар учун “Зарбулмасал” айнан мос вариантдир. Қарийб икки аср аввалги “Зарбулмасал”даги воқеалар, одамлар ҳозир-ҳозир ҳам мавжуд. Тубанлашса тубанлашганки ҳечам ўзгармаган (Гулҳаний айтаётган ҳар бир масалида Ғуломжоннинг кўз олдига айрим шахслар келиши далил). Сеп можороси ҳозир ҳам борми? Бор! Ёлғончиликлар борми? Бор. Ортиғи билан топилади. Тобелик қуллик борми? Бор. Инкор этманг ҳамма шакли мавжуд. Инсон мавжуд экан, турли оғир-енгил ташвишлар билан синалади. Ғам чоғи натижа эмас, жараён муҳим. Кўплар дард келган пайт эсанкираганидан озода кўнглига гард юқтириб қўяди. Синовга осон енгилади. Ғуломжонга келган синов Шодёр эди. Ҳаёт уни севгани билан бир марта синаганини биламиз. Аммо бу синов кейинги имтиҳоннинг биринчи босқичи эмасмиди? Чунки Қундуз Шодёр сингари вахший йиртқич қўлида эзғилангани эҳтимолдан ҳоли эмас-ку! Ғуломжолннинг тақдири фожеали якун топган бўлса-да, у кўнгилни озода сақлаб қололди. Унинг ғалабаси шунда. Унинг қалби уйғоқ. Қаҳрамонимиз Гулҳаний билан Шодёр тарбияси хусусида тортишиб қолган чоғ унинг хаёлидан қуйидаги фикрлар ўтади: “Шубҳасиз мулла Гулханий эски замонлар- киши кишига ўртоқ, дўст ва биродар эмас, бир-бирига бўри бўлган давр фарзанди, бинобарин, ҳаётий ақидаси ҳам шунга яраша бўлуви табиийдир” Бечора Ғулом билмайдики ўзи яшаётган замон одамларининг олдида Гулҳаний даврининг шахслари ип эшолмайди. У пайти одамлар бир-бирига бўри бўлган бўлса, ҳозирнинг одамлари такомиллашиб, ҳайвонийликнинг янги-янги версияларини ишлаб чиқишяпти. Шодёр ҳам ўша кашфиётлардан биримасми? Маълумот учун: Асарда “Зарбулмасал”даги қуйидаги байтлар келтирилган: Кўнгул озодадур дунёға арзи эҳтиёж этмаз, Тариқат солики бу йўлда майли издивож этмаз. Бу ғазал мавжуд бўлган китобча Ф.Исҳоқов томонидан нашрга тайёрланиб 1974-йилда чоп этилган. Бироқ Ҳ. Ёқубов томонидан нашрга тайёрланиб, 1958-60-йилларда чоп этилган китобда эса ушбу байт : Кўнгул озурдадир дунёға арзи эҳтиёж этмаз, Тариқат солики бу йўлда майли издивож этмаз. Тарзида берилган. “Кўнгил озурда” дегани озор топган ранжиган деганидир. “Озода” сўзини ҳам, “озурда” сўзини ҳам байтга қўйиб айтилса, маьно чиқаверади. Менингча, Ҳ. Султон Ф. Исҳоқовнинг нашридан фойдаланган ҳолда асарини “Кўнгил озодадур” деб номлаган. Агар “Кўнгул озурдадир” деб номлаганда ҳам мос тушаверган бўларди. Чунки қаҳрамонимиз кўнгли ҳам озода, ҳам озурдадир. Gulasal Qodirova