Contenuto
узум ололмадик. Ҳар шанба қишлоққа борганимда онам бир ҳафтага етгулик пул топиб қўярди. Уйда бир кило майиз йўқ, пулни қаердан топаяптилар деб роса ўйлардим. Кейин билсам тоғаларим ёрдам бериб турган экан. Деразамиз олдида тувакка экилган бир туп лимон бор эди. Унчалик катта эмасу, лекин серҳосил, баъзан ўн килодан ошириб мева беради. Бир куни ўқишдан қайтишда бозор ораладим. Чўнтагимда бир чақа ҳам йўқ эди, бирорта ҳамқишлоғимни учратиб қолсам йўлкирага пул оламан ёки машинасида кетаман деб ўйладим. Ичкарига кирганимда бехосдан кўзим онамга тушиб кетди. Жун рўмол билан бошию елкасини ўраб олган онам мева растаси охирида турарди. Ҳайрон қолиб, ўша ёққа юрдим. Шу совуқда онам бозорда нима қилиб юрибди? Олдиларига боргач, саволимга жавоб топдим, онамнинг оёқлари тагидаги тўрвада беш-олти кило чиқадиган лимон бор эди. Лимон хом-хатала узилганди. Донаси ҳам кичик эди. Онам нариги томондан келаётган одамларга мўлтираб қараб турарди. Мен тўрвага, сўнг тўрва ёнидаги чети йиртиқ қуйма калишга қарадим. Биз онани опа деймиз. Опа дейишим билан онам чўчиб менга қаради. Кутмаган эканми, тикилиб, унсиз қотиб қолди. Онамга лимонни нимага хом уздингиз, совуқда келмасангиз бўларди деёлмадим. Жавоб тайин эди, мен шу жавобни эшитишни истамадим. Онамнинг ёнига ўтиб, сумкани ерга қўйдим ва онам сингари ўтган-кетган одамларга мўлтираб қарадим. Анор, банан, ҳатто донаси фалон сўм ананас олаётган одамлар қаршимиздан ўтаётганда мени ҳаяжон босарди. Мен дам ҳаяжонланар, дам дами чиққан пуфакдай пуччайиб қолардим. Ҳеч ким лимон сўрамасди. Олишмаса олишмасин, бизнинг совқотган юрагимизга озгина бўлсада илиқлик бахш этиб, шунчаки нархини сўрашмайдими! Икки соатдан сўнг қалин мўйнали пўстин кийиб олган бир киши қаршимизга келди ва лимоннинг нархини сўради. Онам нархни айтди. - Тарозига қўйинг, ҳаммасини сотиб оламан, - деди пўстинли киши... (тамом) ШОНИЁЗ МЕЛИБОЕВ 2019. 26. 12.