Мазмун
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдурамоновнинг бу галги “Ёшлар куни” доирасидаги учрашуви 9-синф битирувчилари тақдирига бағишлангани билан алоҳида аҳамият касб этди. Бобур шаҳридан видеоконференция шаклида ўтказилган очиқ мулоқотда мактаб директорлари ва олти мингдан зиёд ота-оналар фаол иштирок этди. Йиғилишда таъкидланганидек, 9-синф — ёшлар ҳаётидаги энг масъулиятли босқичлардан бири. Бу даврда орзулар ҳали аниқ мақсадга айланмаган, қарор қабул қилишда иккиланишлар кўп бўлади. Шу боис, ёшлар танловда адашмаслиги учун уч муҳим таянч — давлат, мактаб ва ота-она бирдек масъул экани алоҳида урғуланди. Бугунги кунда давлат томонидан ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган. Энди эса устозлар ва ота-оналарнинг вазифаси — фарзандлар қалбига йўл топиб, уларнинг қизиқишлари ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда тўғри йўналиш беришдир. Жорий йилда 57 мингдан зиёд ўқувчи 9-синфни тамомлайди. Албатта, уларнинг кўпчилиги олий таълимни орзу қилади. Бироқ статистика шуни кўрсатмоқдаки, ҳар йили барча битирувчилар ҳам талабалик бахтига муяссар бўла олмайди. Вилоят раҳбари бу масалага тўхталар экан, ота-оналар фарзандларига фақат олий таълимни мажбурий мақсад сифатида қўймасдан, уларнинг шахсий орзу ва интилишларини ҳам инобатга олишлари зарурлигини таъкидлади. Зеро, тўғри танланган касб — мустаҳкам келажак пойдеворидир. Сўровномалар натижасига кўра, 9-синф битирувчиларининг 34 фоизи, яъни қарийб 20 минг нафари техникумларда таҳсил олиб, бир вақтнинг ўзида ҳунар эгаллашни истамоқда. Бу эса замонавий касбларга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, техникум битирувчилари учун олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз иккинчи курсдан қабул қилиниши каби имтиёзлар ҳам яратилган. Замон билан ҳамнафас равишда янги касб ва ҳунарларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ҳам — ёшларнинг қизиқишларини ўрганиб, техникумларда айнан шу йўналишларни ривожлантиришдан иборат экани қайд этилди. Бугунги техникумлар аввалгидек фақат назарий билим берувчи муассаса эмас. Улар замонавий ишлаб чиқариш корхоналари билан узвий боғланган бўлиб, ўқувчилар ўқиш билан бирга ишлаб, ойлик маош олиш имкониятига ҳам эга. Бу эса ота-оналар қарашини тубдан ўзгартирмоқда. Таълим тизимидаги бу янгиликлар нафақат ёшларни касбли қилиш, балки иқтисодиётга малакали кадрлар тайёрлаш, ҳудудларнинг барқарор тараққиёти ва инвестицион жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ота-оналарни фарзандлари келажаги борасидаги хавотирлардан халос этмоқда. Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X