Kontenut tal-post
Пенсияга оз қолган, бироқ қисқариш ёки тугатиш сабабли ишдан бўшайдиган ходимлар имтиёзли пенсияга чиқишлари мумкин. Ҳа, айни пайтда бу мавзу ҳам жуда-жуда долзарб. Бизга келаётган саволлардан ҳам кўриниб турибди бу. Дўстлар, билиб қўйган яхши:“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг14-моддасида ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 7 январда 588-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномада бу масалага жуда аниқ ечим берилган. Қонуннинг 14-моддасида ва 588-сонли Йўриқноманинг 2 ва 3-бандларига кўра технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан бўшатилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар: ➖ эркаклар — 58 ёшга тўлганда (аслида 60 ёш, демак икки йил аввал) ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда; ➖аёллар — 53 ёшга тўлганда (аслида 55 ёш, демак икки йил аввал) ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Демак, юқоридаги алоҳида асослар (МК 100-модда иккинчи қисм 1-банди, янги МК 161-модда иккинчи қисм 1 ва 2-бандлари)га кўра меҳнат шартномасини бекор қилинганда муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун ходимнинг ёши ва умумий стажи юқоридаги талабларга тўғри келиши керак. Хўш, бундай пенсия тайинланиши учун нималар қилиш керак? 1. Аввало, ишдан бўшатилган ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан сўнг 30 календарь куни ичида яшаш жойидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (яъни, Марказ)га иш қидирувчи шахс сифатида мурожаат қилса, Марказ ходимлари бундай шахсга 3 ой муддат ичида, агарда улар 30 календарь кундан кейин мурожаат қилсалар 10 кун муддат ичида мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак. 2. Агар иш қидирувчи шахсга Марказ томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган муддатлар ичида 2 марта мақбул келадиган иш таклиф қилинмаса, бундай ҳолда ходим Марказда иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб ишсиз деб эътироф этиладилар. 3. Марказ ишсиз деб эътироф этилган ва муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро бўйича махсус тақдимнома тайёрлайди ва 5 кун муддат ичида тегишли Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топширади. 📃 Марказ томонидан берилган махсус тақдимнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими томонидан муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашга асос бўлиб ҳисобланади (Йўриқноманинг 6-9-бандлари). @nafaqa_uz