Kontenut tal-post
#Маснавийдан_сабоқлар 27. ТОАТ ЙЎЛИДАГИ “ЗАРАР”ЛАР (977-байт) “Маънавий маснавий” китобидан дарсларимизни давом эттирамиз. Аллоҳ таоло Ўз Китобида “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, дейди (Зориёт сураси, 56-оят). Демак, ҳақиқий яратилишдан мақсад Унга ибодат қилишдир. Аллоҳ таоло аслида барча мавжудотларини ибодат учун яратган. Уларда ихтиёр бўлмагани сабаб, сўзсиз Аллоҳ буюрган вазифада Унга ибодат қиладилар. Фақат инсонлар ва жинларда ихтиёр бўлгани учун уларнинг асл яратилишдан мақсад нима эканини Аллоҳ таоло таъкидлаб қўймоқда. Бу мавзу жудаям кенг ва кўламли бўлгани учун, шоҳбайт ва унинг таҳлилига киришганимиз маъқул. Кофир ўлгум, кўрган эрса ким агар, Тоату иймон йўлида бир зарар. (Одил Икром таржимаси) Мусулмон инсон учун иймонидан муқаддасроқ нарса йўқ. Зеро иймон ҳар икки дунёга тааллуқли, Аллоҳнинг улкан неъматидир. Мавлоно бу ўринда ўша иймондан воз кечиш билан қасам ичяптиларки, тоат йўлида, ибодат йўлида кимки зарарни кўрган бўлса! Ҳа, инсон тоат йўлида асло зарарга етмас. Унга зарар етди деб қарашимиз мумкин, у бизнинг қарашимиздир, холос. Аслида у ғолибдир. Тоат бу итоат бўлиб, ҳақиқий оқил банда итоатни Яратганга қилади. Унинг Кўрсатмалари билан ҳаёт кечириб, Унинг қайтариқларидан нафсини тияди. Тоат аҳли асло зарарга кирмайди. Зарар аслида дунёга ва охиратга тегишли бўлиб, энг ёмони охиратда зарар топишдир. Охиратда зарар топиш эса бу дунёдаги маъсият туфайли бўлади. Тоат аҳли эса, ўша маъсиятларни тарк қилган кишидир. У бу дунёда молига, жонига зиён-заҳмат етиб зарар кўриши мумкин, лекин охиратда асло зарарга дучор бўлмас! Тоат аҳли, ибодат аҳли аввало ўз вазифаларини – Аллоҳга қуллик вазифаларини бажарадилар. Шунинг ўзи бутунлай фойдада бўлишдир. Иккинчидан тоат аҳлининг ҳақиқий зарари – тоатдан маҳрум бўлишдир. Шунинг учун ҳам улар Аллоҳга қулликни маҳкам ушлайдилар ва Аллоҳнинг дўзахидан эмас, Аллоҳга тоат-ибодатдан узилишдан, унс ва қурбатдан узоқлашишдан кўпроқ қўрқадилар. Шунинг учун ҳам Мавлонл тоат аҳли асло зиёнга кетмаслиги, зиёнга кетганини кимдир кўрган бўлса кофир бўлишликка онт ичадилар. Аллоҳ таоло бизларни ҳам тоат ва ибодат аҳлидан қилсинки, асло дунё ва охиратда зарар топувчилардан бўлмайлик. Раҳимжон Али