TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Rahimjon Ali
Rahimjon Ali avatar

TGINSIGHT POST

Post #1277

@rahimjon_aliy

Rahimjon Ali

Viżjonijiet2,110Għadd ta' viżjonijiet
IppubblikatApr 505/04/2025 04:45
Kontenut

Kontenut tal-post

​​#Маснавийдан_сабоқлар 8. ҒОР СОҲИБЛАРИ ҲОЗИР ҲАМ БОРМИ? Савол сизни қизиқтиргани аниқ. Ахир улар Ийсо алайҳис салом даврларида яшаб, ўз иймонларини сақлаб қолиш ва золим подшоҳга бўйинсунмаслик учун ғордан паноҳ топганлар эди. Аллоҳ уларни 300 йилга ухлатиб қўйган, улар эса уйғониб, ҳақиқатни билгач, Аллоҳнинг бу улуғ мўъжизасидан, чексиз фазлу марҳаматидан ҳайратланган эдилар. Ва улар ўша вақтларда одил подшоҳ даврларида ҳаётдан кўз юмган ва улар ҳаёти одамлар ичра афсоналарга айланган эди. Қуръони Каримда ҳам уларнинг зикри қайд этилган. Мавлоно Жалолиддин Румий Қуръоннинг ботиний маъноларини очар эканлар, шундай мисрани келтирадилар: Эй, неча асҳоби Каҳф, аҳли жаҳон, Боқ, сенинг ёнингдадирлар шул замон. Яъни, асҳоби Каҳф – ғор соҳиблари ҳар замонда бор, улар ҳатто сенинг яқинингда, ёнингда демоқдалар. Хўш, буни қандай тушунамиз? Тасаввуфий ва буюк Илоҳий илҳом билан битилган “Маънавий маснавий” китобига биз айнан ўша нуқтадан боқамиз. Бунинг учун биз уларнинг зикри келган “Каҳф” сурасига мурожаат қиламиз. Ғор эгалари қандай инсонлар эди? Улар аввало иймон келтирган, Аллоҳдан қўрққувчи, солиҳ, тақводор зотлар эди. Уларнинг ғордаги ҳолатлари-чи, қандай эди? “Каҳф” сураси 18-оятда келади: “Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ, деб ўйларсан…” Ҳа, демак улар худди уйғоқдек ётишган, уларда уйқу ёки мудроқ аломатлари бўлмаган. Уларни кўрган одам ухлаяпти деб ўйламаган, аммо улар уйқуда бўлишган. Оят давомида келади: “Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз...” Худди шундай бу ҳаётда ҳам худди уйғоқ одамдай, аслида бошқа олам одамлари бор. Биз уларни уйғоқ, биз каби яшаяпти деб ўйлаймиз (ёки умуман эътибор бермаймиз). Аслида улар бу дунёдан уйқуда, Аллоҳ билан бирга бўладилар. Аллоҳнинг шундай тақводор, муқарраб дўстлари борки, улар қазои қадар ва ризолик мақомида гўё ғассол қўлидаги маййит кабидирлар. Ғассол маййитни ўнгу сўл томонга айлантириб тургани каби улар ҳам Ҳақ таолонинг ҳар қандай қадарига шундай муносабатда бўладилар. Мавлоно ҳазратлари айтадиларки, ўша ғор эгалари каби зотлар, яъни Аллоҳнинг дўстлари ҳамиша ҳар вақтда бор дейдилар. Аллоҳ уларни Қуръонда “ғор эгалари” дея зикр қилди. Уларнинг аталиши шундай бўлди. Аммо бошқа даврларда бу номда эмас, бошқа-бошқа номлар билан валий зотлар яшаб келадилар. Улар турли номлар остида: орифлар, ошиқлар, девоналар, дарвешлар, ҳароботийлару мажнунлар бўлиб, балки, умуман бир номга тааллуқли бўлмай яшаб келадилар. Аммо Яратган ҳузурида юзлари ёруғ, бутун борлиқлари билан Унга таважжуҳ этадилар. Ўзларини дунёда уйғоқдек тутадилару, аслида бу дунёдан кўзларини юмган бўладилар. Аллоҳ яна-да Билгувчироқдир! Раҳимжон Али