Kontenut tal-post
НАСИМИЙ ҲАЗРАТЛАРИ ҲАҚИДА (2) Хўш, Насимий ким эди ўзи? Уни нима учун бунчалик ваҳшийларча қатл этдилар? Маълумотларга қараганда, Саййид Имодиддин Али Насимий милодий 1369 йилда Озарбайжоннинг Шамаҳи шаҳрида дунёга келади. Ёшлигидан илм-маърифатга, адабиётга меҳр қўяди. Туркий, форсий ва араб шоирларнинг асарларини қизиқиш ила мутолаа қилади. Шамаҳи ва Бокудаги мадрасаларда таҳсил олади. Тарихий манбаларда айтилишича, униг отаси ва акаси ҳам шеърлар ёзган экан. У асли саййидлар авлодидан эди. Унга Али деб исм қўйишган, диний илмларни пухта ўргангани учун кейинчалик Имод-ад-дин яъни диннинг тиргаги, таянчи деган унвонга сазовор бўлган. У дастлабки шеърларига «Саййид», «Ҳусайн», тахаллусларини танлайди. Кейинчалик, ўз замонасининг таниқли шоири Фазлуллоҳ Наимийдан шеърият ва тариқат сирларини ўрганади, унга ҳамоҳанг тарзда шеърларида Насимий тахаллусини қўллай бошлайди. Наимий шоир бўлиш билан бирга ўз даврида катта шуҳрат топган ҳуруфийлик тариқатининг асосчиси ҳам эди. Ушбу тариқатга кўра, бутун дунё моҳиятини ҳарфлар ташкил этади. ҳарфлар бўлмаганида, дунё ҳам, охират ҳам, еру осмон ҳам, ҳаёт ҳам бўлмасди. Шу боис ҳарфлар илоҳийдир. Уларда Оллоҳнинг жамоли тажаллий этади. Тасаввуфий ғоялар асосида шаклланган бу оқим кейинчалик Кавказ, Кичик Осиё ва Хуросонда кенг тарқалади. Жамиятнинг диний қатлами ва ҳукмрон доиралар бу оқимга кескин қарши чиқадилар. Унинг тарафдорлари қатъий таъқиб остига олинади ва мутаассибларча ўлдирилади. Наимий эса, 1398 йилда Мироншоҳ Мирзо томонидан қатл этилади. Насимий ўз устозининг йўлини давом эттириш учун ватанини ташлаб олис сафарга отланади. Хуросон, Эрон, Ироқ, Рум ва Шом ўлкаларида бўлади. Минглаб шогирдлар орттиради. Бироқ қаерда бўлмасин, дин аъёнлари унга қарши фитналар уюштирар, уни аёвсиз таъқиб этар эдилар. Шогирдлари, издошлари эса, Насимийни бениҳоя севар, уни ҳурмат қилар эдилар. Бир неча бор, ҳаётини асраб қолиш учун шогирдлари унинг ўрнида ўзларини жаллод тиғига тутиб берганлар. Насимий ўта закийлиги, ҳозиржавоблиги боис ҳамиша ракибларини мот қила олар, ўзининг ҳақ эканлигини ҳар ерда усталик билан исботлай оларди. Уни йўқ қилишни хоҳласалар-да, бунинг учун етарлича асос топа олишмасди. (Давоми бор) Р. Жабборов https://t.me/Rahimjon_Aliy