TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Rahimjon Ali
Rahimjon Ali avatar

TGINSIGHT POST

Post #1298

@rahimjon_aliy

Rahimjon Ali

Viżjonijiet2,480Għadd ta' viżjonijiet
IppubblikatApr 808/04/2025 07:19
Kontenut

Kontenut tal-post

#Маснавийдан_сабоқлар 7. АЛЛОҲНИНГ ТУЗОҚЛАРДАН ҚУТҚАРИШИ Аллоҳ таоло “Аср” сурасида “Албатта инсон хусрондадир” дейди. Хусрон – мағлубият, ютқазиш, зиён маъноларини билдиради. Яъни, биз доимо ютқазишда ёки зиёнда яшаймиз. Илло иймон келтириб, унга солиҳ амалларни эргаштирганларгина мустаснодирлар. Аслида, ўша яхши амалларни қилиш ва унда бардавом бўлиш ҳам Аллоҳнинг бир лутфи, чексиз марҳаматидир. У хоҳламаса, У муяссар қилмаса банда ҳеч нарсага қодир эмас. Биздаги барча яхшиликлар Унинг яхшилигидир. Лекин инсон икки катта душмандан ҳамиша тузоқларга дуч келаверади. Балки у тузоқлар тўрига қараб юришни яхши кўради. У икки душман эса Шайтон ва Нафс душманлигидир. Мавлоно ҳазратлари айтадиларки: Ҳар сафар сен бизни қутқарсанг-да, боз Талпинурмиз дом сари, эй Бениёз. Бизни У Зот ҳар доим қутқаради, ҳар доим йўлимизни тўғрилаб боради. Ҳамиша бизга Ўзининг чексиз лутфу марҳаматини ёғдириб туради. Агар у бизни бир сония ўз ҳолимизга қўяр экан, шубҳасиз ўша бир сония куфру исёнга етаклаб, Аллоҳнинг ғазабига гирифтор қилиб, икки дунё хорлигимиз учун етарли бўларди. Бунга Иблиснинг тарихи яққол далилдир. Демак, биз ғафлатда қолсакда, ҳамиша уйғоқ, бизнинг тойилишимизни кутиб турган икки тузоқ қўйгувчи бор. Бизга уларнинг тузоқлари чиройли кўринади. Унга талпинишни истаймиз, зеро, жаҳаннам ҳавою нафсимизга ёқувчи нарсалар билан ўралган. Бу узоқ ва машаққатли йўлдир! Буюк ва шарафли йўлдир – Аллоҳнинг Йўли! Балки, бу соликнинг йўлидирки, унинг йўлида ҳар нафасда тузоқлар бордир! У ҳар куни юзлаб тузоқларга дуч келади. Юзлаб машаққат, риёзат юкларини ортади. Солик ҳар саҳар кўз очар экан, гарданига машаққат тоғларини боғлайди, “Аллоҳ” дейди, “Парвардигор” дейди, “Парваришла!” дейди, “Тарбияла” дейди, “Тузоқлардан омонда қил!” дейди. Чунки ақлли одам биладики, тузоқлар яширин ва душман хийлакор бўлади! Солик ҳам ўз душманларидан, улар қўйган пистирмалардан Бениёз – Беҳожат Зотга ёлворади! Унинг Ўзи етарли Вакилдир! Шундоқ, биз ҳамиша тузоқлар томон юргувчимиз, У эса ҳар сафар фазлу карами ила бизни қутқаргувчидир! Аллоҳнинг беҳисоб неъматлари ичида ҳар сонияда такрорланиб турувчи шайтон ва нафс тузоқларидан қутқариши ҳам улуғ неъматлардан экани шубҳасиздир! Раҳимжон Али https://t.me/Rahimjon_Aliy