TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Rahimjon Ali
Rahimjon Ali avatar

TGINSIGHT POST

Post #1302

@rahimjon_aliy

Rahimjon Ali

Viżjonijiet1,760Għadd ta' viżjonijiet
IppubblikatApr 909/04/2025 02:31
Kontenut

Kontenut tal-post

НАСИМИЙ ҲАЗРАТЛАРИ ҲАҚИДА (3) Тарихий манбаларда унинг қўлга олиниши қуйидагича ҳикоя қилинади. Насимий Ҳалабда Жума намозини ўқиш учун масжидга кирганида унинг ковуши ичига “Ёсин” сураси битилган бир варақ қоғозни солиб қўйишади ва султонга “шоирнинг Қуръонни оёқости қилиб юргани» ҳақида хабар етказишади. Султон шоирни қаерда бўлмасин оёғини ерга теккизмай олиб келишни амр қилади. Кўп ўтмай Насимийни султон ҳузурига олиб киришади. – Мавлоно, ковуши ичига “Ёсин”ни солиб юрган кимсага қай жазони маъқул кўрардингиз, – деб сўрайди Муайяд шоирдан. – Бундай малъуннинг терисини шилмоқ лозим, валинеъмат, – дейди Насимий ҳеч нарсани тушунмай. Шу заҳоти султоннинг амри билан шоирнинг ковушини ечиб кўрадилар. Оят битилган қоғозни кўриб, Насимий қанчалик усталик билан қўлга туширилганини англайди. Бироқ, султоннинг оёғига йиқилиб, тавба-тазарру қилиш, бу фитнани текшириб кўришни илтимос қилиш ўрнига бошини тик тутиб тақдирга тан беради. – Ҳукмдорим, бояги гапим гап. Жаллодларга айтинг, менинг теримни шилиб олсинлар. Насимийнинг қатл этилиши билан боғлиқ қатор ривоят ва афсоналар бизгача етиб келган. Улардан бирида айтилишича, Насимий терисини шилаётганларида ҳам, Мансур Халлож каби “Анал-ҳақ – мен Ҳақман, мен унинг бир заррасиман”, дея хитоб қилади. Шунда уни томоша қилаётган рақиблари: – Эй нодон, ўзинг-ку, қонингга беланиб ётибсан. Яна қанақасига худолик даъво қиласан? – дея истеҳзо қиладилар. – Ўзинг нодонсан, – дейди шоир бошини мағрур тутиб. – Мен абадият уфқига бош қўяётган қуёшман. Ҳеч кўрганмисан, қуёш ҳам ботаётган чоғида мендек қизаради. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам Насимийнинг ижодига катта ҳурмат билан қараган. “…Саййид Насимийнинг назми ўзга ранг тутубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур”, дейди “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида. Бу билан ҳазрат Навоий Саййид Насимий ижоди бошқа шоирлар назмидан тамомила фарқ қилади, унинг шеърияти кўпроқ мажозий маънога эга, у ўз ижодида ишқи ҳақиқийни – Оллоҳга бўлган буюк муҳаббатни тараннум этган, деганлар. Мазкур асарда улуғ бобокалонимиз Насимий туркий адабиётда Мавлоно Лутфий билан баробар мавқега эга эканини таъкидлаб ўтган. “Насойим ул муҳаббат” тазкирасида эса Насимийнинг қатл этилиш жараёни шундай тасвирланади: “Ҳамоно тақлид аҳли ани қусур туҳматиға муттаҳам қилиб қатл қилдилар. Машҳур мундоғдурким, то терисин сўяр ҳукм бўлубдур, ул ҳолатда бу шеърни дебдурки, назм: Қибладур юзинг, нигоро, қошларинг меҳроблар, Сувратинг мусҳаф, вале холу хатинг эъроблар. Эй Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол Қўй, терингни сўйса, сўйсун бу палид қассоблар”. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, унинг жасади халққа ибрат бўлиши учун етти кун шу дорда осилиб турган. Нур, маърифат ғанимлари уни жисмонан маҳв этган бўлсалар-да, унинг руҳоният мулкига дахлдор асарларини, шеъру ғазалларини халқ тилидан, дилидан суғуриб ололмадилар. Тириклик чоғидаёқ Насимийнинг ашъори шеърият мухлисларига ёд бўлиб кетган, кўплаб шеърларига куй басталаниб, қўшиқларга айланган эди. Шогирдлари шоирнинг жасадини шу шаҳардаги қабристонда иззат-икром билан дафн этадилар. Унинг қабри устида мақбара тиклайдилар. Ҳалаб шаҳридаги ушбу зиёратгоҳ ҳозиргача сақланиб келаётир. Унинг мақбарасини зиёрат қилиб кетганлар ҳам фахрий «Насимий» унвонига эга бўладилар. Насимийдан бизгача бой адабий мерос етиб келган. Унинг туркий ва форсий тилдаги девонлари қайта-қайта нашр этилган. Насимий ижоди нафақат озарбайжон, балки, ўзбек адабиётининг ҳам қимматли хазинасидан ўрин олган. Қадимда боболаримиз унинг шеърларини таржимасиз тушунганлар. Унинг ижоди Машраб, Нодира, Амирий каби мумтоз шоирларимиз ижодига сезиларли таъсир кўрсатган. Машраб шеърларидан бирида шоир фожиасини ачиниш билан ёдга олади: Куфр айтди деб Насимийнинг терисин сўйдилар, Гўшту пўстин сўйлатиб оламга гўё қилди ишқ. Саййид Имодиддин Али Насимийнинг ғазаллари ўзбек назм ихлосмандлари қалб мулкига айланган. Зеро, бу улуғ мутафаккир ижоди бутун башариятга ва абадиятга дахлдордир. (Тамом) Рустам Жабборов https://t.me/Rahimjon_Aliy