Kontenut tal-post
МУБОРАК РАШҲАЛАР Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Барча мақтовлар бутун оламлар Парвардигори Аллоҳгадир! Беҳисоб дуруду саловатлар сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгадир! У зотга эргашган барча азиз зотларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Барчамизга маълумки, дунёнинг тариқат аҳллари ҳисобланмиш аксар кишилар — Нақшбандия тариқатида истиқоматдадирлар. Сабаби бу тариқат Қуръон ва Суннатга энг яқин бўлган хос қулларнинг йўлидир. Аллоҳ таоло бу буюк тариқатни заминимиздан етишиб чиққан буюк муршиди комиллар қўли билан барпо қилди. У зотларнинг сирларини Аллоҳ муқаддас қилсин! Нақшбандия тариқати ҳақида кўп ва хўп гапирмоқ мумкин. Зеро, суннатни маҳкам тутган бу улуғ йўл, асрлар давомида Ислом умматининг руҳий тарбиясида хизмати беқиёсдир. Бу йўлнинг ўзига яраша йўл-йўриқлари, вазифалари, одоб ва ахлоқлари, тамойиллари борки, буни муршид зотлар белгилаб, ўз муридларига таълим билан қолдириб кетганлар. Ана шундай асослар ҳисобланмиш муборак "рашҳалар" неча юз йилларким, мазкур тариқат йўлчиларини тақвода тутиб келади. "Рашҳалар" бу "томчилар"дир. Эҳтимол Тариқат денгизининг томчилари, эҳтимол тақво томчилари, эҳтимол камолот томчиларидир. Зеро тома-тома кўл бўлганидек, бу асосларга доимий амал қилган соликни буюк хулққа, мустаҳкам тақвога, Олий Муҳаббатга етаклаб чиқади. Зеро, ушбу томчилар буюк иршод устозларининг Илоҳий денгизидан томган томчилардир.