Kontenut tal-post
Нақшбандия тариқатидаги рашҳаларнинг асоси Аллоҳ таоло билан мустаҳкам алоқа ўрнатишдир. Аллоҳга етаклашдир, Аллоҳга етиштирмоқдир. Ушбу рашҳаларнинг барчаси 11 дона бўлиб, асарларда қайд этилишича 4 таси Юсуф Ҳамадоний (1048 -1140) ҳазратларига, 4 таси Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103 - 1179) ҳазратларига, 3 таси эса Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318 - 1389) ҳазратларига нисбат берилади. Улар қуйидагилардир: 1. Ҳуш дар дам 2. Назар бар қадам 3. Сафар дар ватан 4. Хилват дар аржуман 5. Ёд карт 6. Боз гашт 7. Нигоҳ дошт 8. Ёд дошт 9. Вуқуфи замоний 10. Вуқуфи ададий 11. Вуқуфи қалбий Ушбу тамойиллар ўз соҳиблари томонидан тўлдирилиб, солик учун кифоя қилгулик мукаммал асос ҳисобланади. Шуни таъкидлаб ўтишни лозим топардикки, тариқатга у азиз зотлардан сўнг ҳеч қандай янгилик киритилмайди, ўзгартирилмайди, замонга мослаб қайсидир жиҳатлари олиб ташланмайди, бор-борича, қандай бўлса шундай етиб келади. Зеро, ушбу муборак йўлнинг асоси ўзгармас қонуният — Қуръон ва Суннатдир! Агар тасаввуф ҳақида ҳақиқий билимни, маълумотни олмоқчи бўлсангиз, мумтоз китобларга, аввалги зотлар ёзиб қолдирган асарларга мурожаат қилиш шартдир. Шундагина биз тасаввуф ва тариқатнинг ҳақиқатидан, илдизидан бохабар бўламиз. Солик ушбу рашҳалар билан, гўё қақраб қолган қалбига оби ҳаёт томчиларини қуяди. Ибодат ва зикрларида, устозлари берган вазифаларда олға силжийди. У вазифаларни бажаришига енгиллик барпо қилади. Аслида рашҳалар ҳам Қуръон ва Суннатга кўрадир. Диннинг моҳиятига асослангандир. Рашҳаларнинг ҳар бири ҳақида биз кейинги мақолаларимизда кенг ва атрофлича ўрганиб чиқамиз. Тавфиқ Аллоҳдандир. Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy