Kontenut tal-post
#Маснавийдан_сабоқлар 24. КИМНИНГ ОДОБ ПАРДАСИ ЙИРТИЛСА… (811, 815 байтлар) Аллоҳ таоло одамни азиз ва мукаррам қилиб яратди. Қуръони Каримда “Биз Одам болаларини мукаррам қилдик” дейди. Бу ерда барчага баробар мукаррамлик бор. У подшоҳдан қулгача, бойдан фақиргача, олимдан жоҳилгача, обиддан ибодатсизгача, иснёкору осийгача барча ким бўлса ҳам унинг яратилиши ва Худои таоло ҳузуридаги мавқеи мукаррамдир. Бу мукаррамлик табиатнинг бўйинсуниши, атрофидаги моддиятни бошқара олиши, ҳайвонот ва набототдан унумли фойдаланиши барча-барчаси Одам болалари учун Ҳақнинг иноятидир. Ризқ, тоза ҳаводан нафас олиш, ақл ва муҳаббат туйғулари, ҳис қилиш неъматлари ҳаммага баробар берилган. Аллоҳ одамни мукаррам қилди. Аммо баъзи бир тоифалар борки, одамларнинг обрўсини тўкиш билан, уларни ҳақоратлаш ва таҳқирлаш билан банд бўлишади. Ва бу нафақат солик учун, балки, барча учун жуда хунук ва жирканч ишдир. Мавлоно ёзадилар: Ўзга тўнин йиртадир ким кеча-кун, Йиртадир ўз тўни, эл тўни - бутун. Кимки, эрта-ю кеч ўзгалар обрўсини тўкиш билан машғул экан, оқибат Аллоҳ ўзини шармандасини чиқаради. Обрў тўкишлик аввало ўша кимсанинг ичида нопоклик ва маразлик борлигининг далилидир. Унинг қалби ҳалим ва салим (саломат) қалб эмаслигининг исботидир. У қалб ислоҳга муҳтож қалбдир. У қалбда энг аввало ёмон кўрилган кибр ва ғурур ҳислари мавжуд. Энди иккинчи томонни олсак унинг аввалл қалби оғрийди, дили озор чекади, керак бўлса кўзи ёш тўкади. Унинг яқинлари ҳам бу ишдан бир хил азият чекади. Аллоҳ таоло унинг тўнини йиртадики – у айблаб обрўсини тўккан нарса билан, ўзини жазолаб қўяди. Шунинндек, обрў тўкиш, мазаҳ қилиш, камситиш, лақаб тўқиш каби нарсалар билан азизу пок инсонларни обрўсизлантириш эса энг оғир гуноҳ ва Ҳақнинг ҳузурида улкан шармандаликдир. Мавлоно ёзадилар: Ҳақ йиртар бўлса кимнинг пардасин, Қўзғатар унда улуғлар таънасин. (Одил Икром таржимаси) Аллоҳ таоло кимдан одоб пардасини йиртган бўлса, у азиз авлиё, солиҳ ва аҳли тақволар устидан таъна тошларини отади. Уларни мазах қилиш билан Яратган ҳузуридан қувиладилар. Оддий авомни устидан кулиб, обрўсизлантирган кимсагаки жазо муҳаққақ экан, Ҳақ дўстлари бўлмиш валийлар устидан истеҳзо қилганларнинг ҳоли нима бўларди?! Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy