Kontenut tal-post
ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО Улуғ саҳобалар қаторида, шубҳасиз, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг номи ҳурмат ила тилга олинади. Муаллима онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли рафиқаси эдилар. У киши ҳақида ояти карималар тушган. Оиша розияллоҳу анҳо Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилган. Онамиз ҳадисларни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бевосита эшитиб, ривоят этганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй Оиша, Жаброил сенга салом келтирди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Отаси Абу Бакр Сиддиқ, онаси Умму Руммон бўлиб, ҳар иккаласи ҳам мусулмон бўлган вақтда Оиша розияллоҳу анҳо дунёга келди. У зот ёшлигидан ўта зийрак, фаҳми тез, зеҳни ўткир қиз эди. Оиша розияллоҳу анҳо мусулмон оилада имон-ихлосли, тақволи бўлиб улғайди. Қурайшнинг фозила аёлларидан бири Ҳавла бинти Ҳакам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Оиша бинти Абу Бакр ёки Савда бинти Замъага уйланишларини таклиф қилди. Чунки у зот Хадича онамиз вафотидан сўнг ёлғизланиб қолган эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уч кеча сени тушимда кўрдим. Фаришта сени яшил ҳарир матога ўраб олиб келар ва: “Мана шу сенинг аёлинг”, дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча, агар бу Аллоҳдан бўлса, тушимни ўнгидан келтирар, дер эдим», дедилар” (Имом Бухорий ривояти). https://t.me/Rahimjon_Aliy