TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Rahimjon Ali
Rahimjon Ali avatar

TGINSIGHT POST

Post #1416

@rahimjon_aliy

Rahimjon Ali

Viżjonijiet2,130Għadd ta' viżjonijiet
IppubblikatApr 3030/04/2025 09:26
Kontenut

Kontenut tal-post

ИШҚНИНГ ТУРЛАРИ Ишқ уч қисмга бўлинади: Биринчи қисм — оддий одамлар ишқи бўлиб; халқ орасида машҳур ва кенг тарқалгандир. Айтадиларки, «фалон одам фалончига ошиқ бўлибди».— Бу хилдаги одамлар кимгадир ошиқ бўлиб, изтироб чекиб, шунинг хаёли билан юрадилар. Бу ишқ жисмоний лаззат ва шаҳвоний нафс билан чегараланадики, олий мартабаси — шаърий никоҳдир. Никоҳ — барча халқлар учун умумий ва зарурийдир. Қуйироқ мартабасида жанжал, ташвишлар, кўнгилсизлик ва шармандаликлар кўринадики, бу ҳақда сўзлаш — одобсизлик, баён этиш — ҳаёсизликдир. Иккинчи қисм — алоҳида фазилат эгаларига хос ишқ бўлиб, бу хос ишққа мансуб шахслар пок кўзни пок ният билан пок юзга соладилар ва пок кўнгил у пок юзнинг шавқи-завқи билан беқарор бўлади. Ва бу пок юз воситаси билан пок ошиқ ҳақиқий маҳбубнинг жамолидан баҳра олади. Ҳикоят: Нақл қилишларича, ишқнинг ҳажр ўти Мажнун жонига улашди; заиф баданига ҳароратли у ўтнинг алангаси туташди. Ҳар қанча муолажа қилсалар ҳам фойда қилмади; касал ортди, иситма тушмади. Бемор оғирлашиб жон талвасасига тушганда, кимдир бу аҳволдан Лайлини хабардор қилди. Паривашни у хабар ношод қилиб, ўз девонасининг ҳолини сўраш учун нома ёзди. Бир одам у хатни Мажнунга етказганида, унинг танида жон асари қолмаган эди. Шу пайтда меҳрибонлари Лайли номасини ўқиганларида беморнинг эшитаётгани ва таъсирланганини сездилар. Ҳар гал нома такрор ўқилганда, бемор танига жон қайта киргандек бўлар эди. Мажнун аҳволига ҳар қанақа дори-дармон, дуо ва тумор таъсири даври ўтган эди. Лекин унга Лайлининг хати тумор ва дуо ўрнини босди. Бемор касалдан тузалиб, сиҳат-саломат бошини кўтаргунча бу хатни такрор-такрор ўқиди, соғайгач эса тумор қилиб бўйнига тақиб олди. Ишқ алангасидан Мажнуннинг касали тузалди ва у сўз такроридан бадани қувватга кирди. Байт: Агарчи ошиқнинг мижози заиф ва касалдир, Аммо маъшуқни ёдлаши унинг касалига даводир Учинчи қисм — сиддиқлар — ҳақгўйлар ишқи бўлиб, улар ҳақнинг жамолини очиқ кўриш умиди билан яшайдилар ва шунинг билан матлубдирлар. Уларнинг ҳақни кўз билан мушоҳада қилиш умидлари ўзни унутиш даражасига етган ва бундан ҳам ўтиб, ҳалок бўлиш мақомига кўтарилган бўлади. Агар ҳодисалар бўрони осмон гулшанининг бир қабатини учириб кетса — улар бехабар ва агар юлдузлар гул баргини ҳар томонга совурса, буларга асар қилмайди. Уларнинг ҳислари ҳақ жамолини кўриш ташвиши билан ишдан чиққан; шавқ-завқлари эса, унга бўлган ишқларининг ҳужуми остида йўқолиб битган... Ҳазрати Мир Алишер Навоий, "Маҳбуб-ул қулуб" китобидан қисқартириб олинди. https://t.me/Rahimjon_Aliy