Kontenut tal-post
СЎФИЙ ОЛЛОҲЁР ҲАЗРАТЛАРИ КИМ БЎЛГАН? Сўфий Оллоҳёр (1644, Каттақўрғон беклиги Минглар қишлоғи — 1724, Денов) — тариқат арбоби ва мутасаввуф шоир. Шайхлар мактаби ва Бухородаги жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олган. Ўз даврининг барча асосий илмларини эгаллаган, араб ва форс тилларини ўрганган. Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасига тўра этиб тайинланган. Дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфий Оллоҳёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушган, тариқат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилган, валиюллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган. Туркий ва форсий тилларида ижод қилган Сўфий Оллоҳёр ижодининг асосий йўналиши ислом маърифатини кенг халқ орасига ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғибташвиқ қилишдан иборат. У «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»), «Мурод ул-орифин» («Орифлар муроди»), «Маҳзан ул-мутеъин» («Итоаткорлар хазинаси») асарларини форсий, «Сабот ул-ожизин» («Ожизлар саботи»), «Фавз ун-нажот» («Нажот тантанаси») маснавийларини туркий тилда яратган. Форсий ва туркийда битилган бошқа шеърлари ҳам мавжуд. «Мевалар мунозараси» номли манзума хам унга нисбат берилади. Сўфий Оллоҳёрнинг шоҳ асари «Маслак ул-муттақин» бўлиб, 12 минг байт, 135 та катта-кичик бобдан иборат. Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бу асар эл орасида шуҳрат тутганидан сўнг дўсту яқинлари ундан туркий тилда ҳам шундай бир китоб ёзишни илтимос қиладилар. Бунга жавобан у «Маслак ул-муттақин» ни бирмунча қисқартириб, ўзбек тилида назмда битган ва унга «Сабот ул-ожизин» деб ном берган. Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асарда тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катга ҳисса қўшган. https://t.me/Rahimjon_Aliy