TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Rahimjon Ali
Rahimjon Ali avatar

TGINSIGHT POST

Post #1449

@rahimjon_aliy

Rahimjon Ali

Viżjonijiet2,210Għadd ta' viżjonijiet
IppubblikatMej 1010/05/2025 15:50
Kontenut

Kontenut tal-post

#Маснавийдан_сабоқлар 26. ИШОРАТЛАР БЕҲУДА ЭМАС! (944-байт) Машина ҳайдаб кўчада кетаркансиз йўлингиздаги учраган ҳар белги сизга ўз хавфсизлигингиз учун ишоратлардир. Қаерда буриласиз, қаерда қайси тезликда юрасиз, қайси йўл сизники-ю, қайси бирига йўл берасиз. Қаерда тўхташ керак, қаерда тезлашмоқ керак… барча-барчаси Сиз учун, Сизнинг атрофингиз учун, хавфсизлик учун, тўғри кетмоқлик учун ва фойдангиз учундир. Ҳа, бу умр ҳам худди шундай узун ва турли бурилишлардан иборат катта ЙЎЛдир! Бу “йўлнинг” ҳам ўз қоидалари, белгилари, ишоратлари бор. Ҳар ким ўз йўлини ўзи босиб ўтади, ҳар ким ўз машинасини ўзи бошқаришга мажбур. Ёлланма “ҳайдовчи” олиш имконсиздир. Энди шу йўлнинг Яратувчиси эса шу йўлимизга белгилар – ишоратлар жойлаб қўйган. Токи биз тўғри кетайлик, манзилимизга қийналмай осон, тўғри йўлда етайлик. У ишоратларни англамоқ ҳақиқий эрлар, марди Худолар ишидир. Мавлоно ҳазратлари айтадилар: Ҳар ишоратни десанг беҳуда иш, Ўзни эр билсанг-да, сен хотинчалиш. (Одил Икром таржимаси) Ўзингни эркак деб билсангу, Аллоҳнинг ишоратларини (Аллоҳдан эмас) беҳуда иш десанг, билки сен эркак эмас, аёлсифат экансан! Чунки бу ҳақ йўлига ҳақиқий мардлар – марди Худолар керак, аёлтабиат ожиз фикрловчилар эмас! Бу Йўлдаги ҳар ишорат – ишорат Эгасига олиб борувчидир! Ҳар ишорат бу қийин ва машаққатли сўқмоқлардан кенг йўлларга элтгувчидир. Ҳар ишорат Аллоҳга етакловчидир! Ҳар ишорат англагувчи эрлар учундир! Масалан, бир инсон нимадандир қаттиқ дилига озор етди. У ўз йўлининг қайсидир бурилишида кимгадир озор етказган. “Қалбларга озор берма” белгисига риоя қилмаган. Қаердадир нимагадир зор бўлади, “йўл”да эса “исроф қилма” белгисини ўтказиб юборган. Ҳақиқий оқил ҳамиша хушёр бўлади. Йўлидаги ҳар қоидани, белгини, ишорани яхшилаб ёдлаб олади, унга кўра ўз “машинаси”ни ҳайдайди. Ва ёки Ҳақ изловчи солик ўзида ва атрофида бўлаётган ҳар ишорадан Аллоҳнинг унга айтаётган сўзларини, пандларини “эшитади”. Инсон бошига тушган ҳар нарса Аллоҳнинг бир ишоратидирки, вақтида у ишорадан хулоса қилмаганнинг бурни тез орада ерга ишқаланганини кўп кўрганмиз. Ҳақиқий эркаклар Аллоҳнинг ишоратларини беҳуда санамаслар ва ишоратларга кўра Аллоҳдан айро бўлмаслар, у ишоратларга кўра Унга яқин бўладилар. У ишоратларни англамоқ учун Аллоҳни яхши танимоқ, Аллоҳни яхши танимоқ учун у ишоратларни изламоғи даркордир! Раҳимжон Али https://t.me/rahimjon_aliy