Kontenut tal-post
МАНҚУРТ ҚЎШИҒИ Ўнгини топмаган туш бўлиб қолдим, Учишин унутган қуш бўлиб қолдим, Киприкда қуриган тош бўлиб қолдим, Дилимнинг тилини йўқотиб келдим. Ортимдан изимни бузиб келдилар, Ёшимнинг шавқида сузиб келдилар, Ўзларин макридан ўзиб келдилар, Юракнинг йўлини йўқотиб келдим. Олдимда довону – баланд-паст қолди, Кўкраги осмону – ўзи паст қолди, Жаннатий боғимдан фақат хас қолди, Раҳмоним “қўли”ни йўқотиб келдим. Руҳимни чўғлатиб таним ёқдилар, Юзимдан ўпдилар тағин чақдилар, Ёқдилар – ёқдилар яна ёқдилар, Кўнглимнинг кулини йўқотиб келдим. Юзини ўгириб – кўнгли тўлмаган, Уйини йўқотиб – қўним билмаган, Тақвога ўранган – дунга сиғмаган, Эгамнинг қулини йўқотиб келдим. Аждодлар титроқда авлодлар музлар, Орзулар фироқда – армонлар тузлар, Бормикан боққувчи бир ёруғ юзлар, Ўтганлар ҳолига тутоқиб келдим. Эй ғофил, эй ғариб “Уйғотгин!” дегин, Дилимнинг тилини қайтариб бергин!.. Раҳимжон Али 2014 йил @Rahimjon_Aliy