Kontenut tal-post
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим ТАРИҚАТДАГИ МАҚОМЛАР Тариқатдаги ёки тасаввуфдаги мақомларни ҳар ким ҳар хил айтиб ўтган. Бу мақомлар сўфийнинг даражаларини ва Аллоҳга қанчалар яқин эканини билдиради. Бу мақомлар ва ҳоллар соликнинг босқичма-босқич Ҳаққа етишмоғидир. Бу мақомларни турли тариқатлар турлича белгилаб берган. Турли тасаввуф шайхлари ҳам, ҳар хил ҳолда тушунтириб берганлар. Баъзиларида баъзи ўринларда фарқ қилади. Баъзиларда кенгроқ, баъзиларда қисқароқ берилган. Энг машҳури еттита мақом борлигидир. Масалан, Абу Наср Саррож ҳазратлари етти мақомни айтиб ўтган. Улар: *1. Тавба; 2. Вараъ; 3. Зуҳд; 4. Фақр; 5. Сабр; 6. Таваккул; 7. Ризо.* Бунда солик, Аллоҳга етишиш учун ушбу мақомларни босиб ўтади. Ва бунда ҳар бир мақомда турлича ҳоллар юз беради. Бу ҳолдан эса табиийки муршиди комил бохабар бўлиб туриши керак. Ҳазрат Навоий бобомиз "Лисон-ут тайр" асарларида эса мақомларни "водий" деб атаб, уларнинг етти водий эканини айтиб ўтганлар: * 1.Талаб; 2. Ишқ; 3. Маърифат; 4. Истиғно; 5. Тавҳид; 6. Ҳайрат; 7. Фақру фано.* Яъни, булар ҳам соликнинг даражалари, босиб ўтажак мақомларидир. Ва охирда фано мақомига эришиши, ўзликдан бутунлай халос бўлиши назарда тутилган. Лекин тариқат йўлини тутган, бир муршиди комилга қўл берган муриднинг аввалги мақоми шубҳасиз, тавбадир. Чунки, тавба барча эшикларнинг, барча мақомларнинг очқичидир. Барча яхшиликларга Тавба эшиги орқали кирилади. Бунда мурид муршиди ҳузурида чин ихлос билан тавба қилади ва вазифалар олиб, Йўлга чиқади. Ва ўзидаги ҳоллар ўзгаришидар муршидини бохабар қилиб туриши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Банданинг Аллоҳга етишиш йўли қанча деса, махлуқотларнинг нафаслари ададидан ҳам зиёда дейилади. Бундан кўриниб турадики, бу йўлда ҳар соликда мақомлар кетма-кетлиги турлича бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу Йўлга, бу Сафарга чиққан киши, шубҳасиз устоз тутиши вожибдир! Аллоҳ яна ҳам Билгувчироқдир. @Rahimjon_Aliy