Kontenut tal-post
БИР ҲИММАТ ОРТИДАН... ...Боязид Бистомий ҳазратлари Жума намозига бориш учун уйларидан чиққан вақтларида ёмғир оҳиста ёғаётган эди. Йўлнинг ярмига етганларида жала қуйиб юборди. Ҳазрат шошганча йўл четидаги уйлардан бирининг деворини пана тортдилар. Пойабзалларига лой ёпишганини кўриб, уни девор четига суртиб тозаладилар. Ёмғир шиддати пасайгач, масжид сари юрдилар. У даргоҳ остонасига етиб, пойабзалларини ечаётган вақтларида нимадир эсларига тушиб, тўхталиб қолдилар. Пойабзални қайта кийиб, шошиб ортга қайтдилар. Боя деворини пана тортган уйнинг яқинига бориб, намозга кетаётган одамлардан бу уйнинг соҳиби ким эканини суриштирдилар. «Бу бир мажусий кишининг уйи», - деган жавоб бўлди. Бистомий ҳазратлари уй дарвозасини тақиллатдилар. Дарвозани уй соҳиби очди. Ҳазрат уни бағирларига босиб кўришдилар. - Сиздан узр сўрагани келдим, - дедилар. Уй эгаси ҳайрон бўлди. - Ҳайрон бўлманг, - дедилар Бистомий ҳазратлари. – Мен намозга шошиб кетаётган вақтим, жала қуйиб юборди. Сизнинг деворингизни пана тортиб, жала тинишини кутдим. Шошганимдан пойабзалимдаги лойни деворингиз четига суртиб тозалабман... Масжидга оёқ қўйганимда, ақлим бошимга келди. Э воҳ, бир одамнинг деворини лойлатиб ўқиган намозим қабул бўлармиди, дея надомат қилдим! Бир банданинг деворини кирлатиб келиб, қайси юз билан Аллоҳнинг ҳузурида покман деб намоз ўқиш мумкин?! Шунинг учун, узр сўраб келдим, биродар! Мен одобсизни авф айланг... Уй эгаси ҳам ҳайрат, ҳам хижолат ичида қолди. - Узр сўрашга ҳеч ҳожат йўқ, тақсир, - деди ўнғайсизланиб. – Ўзи шундоқ ҳам кўча деворлари ёмғирлар туфайли лойланиб ётибди. Менинг деворимга Сиздан ҳеч қандай зарар етгани йўқ, хотиржам бориб, ибодатингизни адо этаверинг... Бистомий ҳазратлари қувониб, уни дуо қилдилар. Хайрлашиб ортга бурилганларида, уй эгаси у зотни тўхтатди. - Тақсир, одамларга бу даражада ҳурмат кўрсатмоқни Сизга динингиз ўргатганми? - деди. - Ҳа, динимиз ва пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар. Мажусийнинг кўзларида ёш айланди. Ҳазратнинг қўлларига ёпишиб, «Унда мен ҳам сизнинг динингизни қабул қиламан», деди. Шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди... @Rahimjon_Aliy