Kontenut tal-post
ҲАБИБ АЛ АЪЖАМИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ Ҳабиб Аъжамий Шарқ тасаввуфининг буюк намояндаларидандир. Унинг риёзату мужоҳадаси бениҳоя, сидқ ва каромат соҳиби, сирлар маҳрами, қуббаи ибрат валийси бўлган. Басрада сарватманд оилада туғилган. Отасидан катта бойлик мерос қолгани учун ана шу маблағни одамларга қарзга бериб, фойда эвазига судхўрлик билан кун кечирган. Унинг Ҳақ йўлига кириши ва тавбасига сабаб шуки, бир қарздорнинг уйига қарз ундиргани бориб, пул топиб бера олмагани учун ундан оёқ ҳаққи эвазига бир парча этни зўрлаб ундирган. Уйга келгач, хотинига этни бериб, овқат тайёрлашини буюрган. Хотин этни пиширган. Шу пайт тиланчи Ҳабибнинг эшигини тақиллатиб, «Аллоҳ йўлига бирор нарса бер» деб сўрайди. Ҳабиб уни ҳайдаб юборади. Тиланчи ноумид ва маҳрум бўлиб қайтади. Ҳабибнинг хотини овқат сузмоқчи бўлиб, қозонни очади. Қозон қип-қизил қонга тўлганини кўриб, фарёд қилади ва эрини чақиради. Ҳабиб дейди: - Тиланчини ноумид қилганимиз учун мана шу балога йўликдик. Ҳабибнинг кўнглига ўт тушиб, қилган ишидан пушаймон бўлади. Эртасига барча қарзларидан кечади. Фрот дарёси қирғоғига келиб, ўзига ибодатгоҳ қуради. Шу ерда ўтириб, тоат билан машғул бўлади. Кечалари тонг отгунча ухламай ибодат қилади. Қуръонни дуруст ўқий олмаса ҳам, шарҳлашда бениҳоя гўзал фаросат соҳиби эди. Басрада қаҳатчилик бўлган пайтда фақирларнинг қорнини тўйдирди. Унинг бир ҳамёни бўлиб, қачон қўл суқса, олтин танга чиқар эди. Бу азим каромат эди. @Rahimjon_Aliy