Kontenut tal-post
НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИДАГИ 11 РАШҲА Нақшбандия тариқатининг асоси 11 дона бўлиб, улар “рашҳа” деб номланади. Манбааларда келишича, 4 таси Юсуф Ҳамадоний Пиримизга, 4 таси Абдулхолиқ Ғиждувоний Пиримизга, 3 таси эса Баҳоуддин Балогардон Пиримизга тегишли экани айтилади. 1. Ҳуш дар дам — ҳар нафасда огоҳ бўлиш. Бу муборак сўздан шуни тушунамизки, ақлли толиб нафасини кириш ва чиқишда ғофил бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлади. Чунки нафасларни ғафлатдан сақлаш қалбни Оллоҳ таоло зикри билан ҳузур қилишликка олиб келади Бу эса нафасларни ибодат билан тирилтириш, Оллоҳ таолога боғлаш бўлади. Ҳар нафас ғафлат билан олинса ёки чиқарилса бу нафас Оллоҳ таолодан узилган ўлик нафас дейилади. Ҳазрати Хожа Баҳоуддин қуддиса сирруҳу айтадиларки: “Бу йўлда ишнинг асосини нафас устига қурмоқ керакки, замоннинг муҳим вазифасига машғул бўлишда хаёлни ўтмишдан ва фикрни келажакдан озод этсин ва ҳар бир нафасни зое этмасликка уринсин. Нафасни кириши, чиқиши ва икки нафас ўртасини эҳтиёт қилсинки, нафас ғафлат билан кириб чиқмасин.” 2. Назар бар қадам — назар қадам устида. Бу муборак сўзни маъноси: Юрганда соликнинг назари оёқларининг панжалари устида бўлиши лозимдир. Қалбга маҳкам ўрнашиб зикрни тўсадиган асосий пардалар назар йўли билан ўрнашган нарсалардир. Чунки кўзга ташланган нарсалар соликнинг қалбини машғул қилиб зикрдан тўхтатиб қўяди. 3. Сафар дар ватан — ватанида сафар қилиш. Бу муборак сўзни маъноси: Тариқат йўлида юрувчи соликка ёмон хулқлардан яхши хулқларга, бир ҳолдан юқорироқ ҳолга, бир мақомдан яхшироқ мақомга сафар қилиш лозим бўлади. Албатта, сулук эгалари зоҳирий сафарни эътиборга олдилар, муршид мураббийга етишишлик учун. Муршидга етиб борганда бутун ихтиёрни у кишига топширади ва сафарни тарк қилади. Бироқ ўз юртларида шундай азизни топсалар тарки сафар қилиб унинг мулозаматида бўладилар ва огоҳлик малакасини ошириш учун қаттиқ ҳаракат этадилар. Малака ҳосил қилганларида эса уларга сафари муқимлик баробар бўлиб қолади. @Rahimjon_Aliy