Kontenut tal-post
НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИДАГИ 11 РАШҲА (Давоми) 7. Нигоҳдошт Ҳар хил фикрлардан холос бўлиш, ташқи оламдан ажралиш учун интилиш бўлиб, калимаи тоййибани (нафий исбот калимасини) бир нафасда неча марта айтса ҳам шу давр ичида хаёлини бошқа нарсаларга юбормаслик, яъни нафий исбот маъносини ўйлаб, кўнглига ўзга нарсани киритмасликка ҳаракат қилишдир. Бу масалани ҳосил бўлиши учун улуғларимиз, толиб нафий исбот вазифасини қилаётганда фикри орқали “Ла мақсудий иллаллоҳ” калимасини ўтказиб туришга буюрадилар. Агар толиб чорак соат бўлса ҳам қалбини бегона хотира, фикрлардан сақласа мутаасаввиф, сўфий деб аталади. 8. Ёддошт Бунда толиб Ҳақ субҳонаҳу ва таолони доимо завқу шавқ билан ёдда тутиб, огоҳ бўлишидир. Баъзилар уни “ғойиб бўлмайдиган ҳузур” деган ибора билан ҳам атайдилар. Ёддошт албатта энг юқори ҳолат бўлиб, олдинда зикр қилинган рашҳаларга тўлиқ амал қилинганда ҳосил бўлади. 9. Вуқуфи замоний — яъни замонга тўхташ. Улуғларимизнинг бу сўзларидан шуни тушунамизки, толиб ўтаётган замонини назорат қилиши, қалби Оллоҳ таолони зикри билан ҳузур олиб турган бўлса шукр қилиши. Агар ғафлат билан ўтаётган бўлса узр айтиши, пушаймон бўлиши лозим бўлади. Ҳақиқий толиб ҳар лаҳза аслий мақсадга интилган бўлиши, ҳар қандай ишни қилаётган бўлса ҳам Оллоҳ таолони шу ишни назорат қилиб, гувоҳ бўлиб турганини ҳис қилиши албатта зарурдир. Вуқуфи замонийдан бизларга олинадиган хулоса шуки, толиб ҳар кеча кундузда бўладиган амалларини, ҳолатларини ҳисоб-китоб қилиб туради, чиройли, Оллох таоло рози бўлган ҳолда ўтаётган бўлса шукр қилади ва зиёдасини талаб қилади. Агар бунинг акси бўлса узр айтади ва тавба қилади. 10. Вуқуфи ададий — зикр ададларига тўхташ. Яъни, зокир зикр вақтида қанча зикр қилаётганини билишлигидур. Зокирнинг хаёли бўлинмаслиги, хотири жам бўлиши учун кунлик вазифаларини ададига риоя қилмоқлиги албатта зарурдир. 11. Вуқуфи қалбий — қалбга тўхташ. Бу сўзнинг икки хил маъноси бордир. Биринчиcи: зикр вақтида зикр қилувчининг қалби зикр қилинаётган Зотдан, Оллох таолодан огоҳ бўлиб зикр қилишидур. Яъни, қалби “Оллоҳ, Оллоҳ” дейишини Оллоҳ таоло билиб турганини ҳис қилишидир. Иккинчиcи: зокир доимий ҳолатда қалбини назоратга олишидир. Яъни, Ҳазрати Баҳоуддин Пиримизнинг: “Қўлинг ишда, қалбинг Оллоҳ таолонинг ёдида бўлсин” деган сўзларига тўлиқ амал қилишидир. Ҳазрати Баҳоуддин Пиримиз вуқуфи қалбийни энг муҳим ишлардан деб билганлар. @Rahimjon_Aliy