Kontenut tal-post
АСҲОБИ СУФФАНИНГ ФАЗИЛАТИ Асҳоби Суффа — Масжиди Набавийнинг суффа (айвон) қисмида яшаган, Қуръони Карим илмини ўрганган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарслари ҳамда суҳбатларидан бемисл фойда олган саодатли зотлар эдилар. Мадинаи Мунавварага келган бу зотларнинг на уй-жойи бор эди, на яқин қариндошлари. Улар учун дунёдаги энг улуғ машғулот — Аллоҳнинг Китобини, Росулуллоҳнинг суннатларини ва дин ҳукмларини ўрганиш, ўз ораларида муҳокама қилиш ва бошқаларга ўргатиш эди. Асҳоби Суффа шундай жамоа эдики, уларнинг ахлоқи, фоний ва ўтиб кетувчи дунёвий нарсаларга майл қилишдан мутлақо пок эди. Қалблари охират хавотирига тўла бўлган. Ҳеч қандай мол ва савдо уларни Аллоҳнинг зикридан тўсмасди. Қўлга киритаолмаган дунёвий нарса учун қайғурмасдилар, қўлларига тушган дунёликка ҳам кўп хурсанд бўлмасдилар. Улардан кўплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қўмондонлик, элчилик каби юксак хизматларда ҳам бўлганлар. Нафсларини ёмон хулқлардан поклаб, яхши ахлоқлар билан безатган эдилар. Асҳоби Суффадан бўлган Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу аънҳу ҳикоя қиладилар: “Бир куни Асҳоби Суффадан баъзиларимиз бир жойга тўпландик. Орамиздан бири Қуръони Карим оятларини ўқий бошлади ва бизларни Аллоҳни зикр қилишга даъват қилди. Шу пайт Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васаллам ҳузуримизга келдилар. Муборак бармоқлари билан давра шаклини чизиб, давра бўлиб ўтишимизни ишора қилдилар. Дарҳол у зот атрофида давра бўлиб ўтирдик.” Сўнгра у зот: “Бироз олдин ораларингда нима муҳокама қилаётган эдинглар?” — деб сўрадилар. Биз: “Фалончи Қуръон оятларини ўқий бошлади, бизларни Аллоҳ таолони зикр қилишга чақирди,” — дедик. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Хўш, энди олдин қилган ишларингизни яна такрорланг. Мен Аллоҳнинг раҳмати сизнинг устингизга тушаётганини кўрдим. Жаноби Ҳақ рози бўлган шундай бир амалда сизларга ҳамроҳ бўлишни хоҳладим.” https://t.me/rahimjon_aliy