Kontenut tal-post
МАВЛОНО ШАМС ТАБРИЗИЙ МАҚОЛОТ Агар одам соғ-саломат бўлса, юз йил яшаса, охири мўмин бўлиб етишса, бу албатта, яхши. Аммо агар мўмин бўлмаса, юзга киргани ҳам беҳудадир. Охиратда ундан: «Нима олиб келдинг?» деб сўрайдилар. У эса: «Қалбимда Сендан бошқасини олиб келмадим», деб жавоб беради. Ана шу — мусулмоннинг охирги олийжаноб мақоми ҳисобланади. Агар “Алҳамдулиллаҳ”нинг маъносини тўлиқ билмасанг, тил билан айтишнинг ўзи етарли эмас. Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг қўлингдан тутиб, сени юксак даражага олиб чиқмагунча, бу сўз сенга ҳақиқий фойда бермайди. Зеро, инсон юқори мартабага етиш учун, унга улуғ зотнинг ҳиммати керак бўлади. Чунки инсон бу дунёда осонгина ўйинларга берилиб кетади — худди бола ўйин билан овора бўлганидек, у ҳам дунё билан оввора бўлиб қолади. Унинг қалби дунё манзараларига боғланиб қолади. Худди қора тош каби бўлиб, унга ҳар турли таъсирлар ёпишиб олади. Одамлар икки турга бўлинади: — бири дунёга берилиб, уни мақсад қилади, охиратни унутади; — иккинчиси эса охиратга юз тутади, дунёга эътибор бермайди. Кимки охиратга берилиб, дунёдан кечса, у нажот топади. Кимки дунёга берилиб, охиратни унутса, у ҳалокатга юз тутади. Чунки инсонни Аллоҳга боғлайдиган нарса — муҳаббатдир. Агар бу муҳаббат кучли бўлса, инсон ўттиз йил бошини саждадан кўтармаслиги ҳам мумкин. Аммо агар муҳаббат бўлмаса, бу амаллардан фойда йўқ. Шунинг учун айтилади: “Дунё аҳлига дунё ҳаром, охират аҳлига охират ҳаром, Аллоҳ аҳлига эса дунё ҳам, охират ҳам ҳаром.” Бу сўзнинг маъноси шуки: инсон муҳаббатда шунчалик ғарқ бўлиши керакки, у на дунёни, на охиратни ўйласин — фақат Аллоҳни истасин. Агар ҳушёрлик муҳаббат ичида бўлса, бу яхши. Аммо агар муҳаббатсиз ҳушёрлик бўлса, бу нафсдан келган бир алдовдир. Шунинг учун буюклар айтганлар: «Бу парда кўтарилса, ҳамма ажабланади». Яъни бу сирларни ҳар ким англай олмайди. (Давоми бор) @Rahimjon_Aliy