Kontenut tal-post
#Маснавийдан_сабоқлар 14. КИМДАН ЎРГАНИШГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК Мусо алайҳис салом диниданман деб масиҳийларнинг душмани бўлган подшоҳ ва унинг маккор вазири қандай услубда бўлмасин, насронийлар орасини бузиш, уларни мағлуб этишга шаъй эди. Ҳатто вазир бурун-қулоқларини кесиб бўлса ҳам масиҳийлар ичига кирди. Ўзини тақводор кўрсатди ва улар орасига катта фитналар сола бошлади. Кўп иғволар тўқиб чиқарди. Зоҳиран у масиҳийларга мансуб, улар учун қайғургандек кўрингани билан ботинан уларга мислсиз зиён етказмоқда эди. Унинг сўзлари шакар бўлгани билан, аслида заҳар бўлиб чиқарди. Сўзлари омухта эрди, йўқди шак, Худди шарбатга қўшилган оғудак. Зоҳири дердики: йўл юр, тўхтама, Ботини дерди: ўзингни қийнама. Гар кумушнинг ранги оқдир, лек шу дам, Қўлга олсанг, қўл қорайгай, жома ҳам. Ўт деган чўғдин қизил юздир магар, Сен қаро қилмишларига сол назар. Гарчи чақмоқ нурга монандир, ҳамон Чақнаса, кўзни қамаштиргай ёмон. Кумушнинг ранги оқ бўлгани билан уни қўлга олиш билан қўлни қора қилади, олов ҳар қанча оқ ва қизил бўлиб, чиройли кўрингани билан қаерга тушса ўша ерда ёнғин, талофот ҳосил қилади. Чақмоқ ҳам худди қоронғу осмонни ёруғ қилаётгандай туюлгани билан, кўзларингни қамаштириб, кўзни толдиради. У вазир ҳам халққа шундай ваъз-насиҳатлар қилар эдики, у инсонлар қалбини юмшатиш ўрнига, ғам-ғуссасини, хираликларини зиёда қиларди. Мавлоно ўтган умматлар ҳолидан ривоят келтириш билан, ўша пайт ва бугунги мусулмон жамиятига кўзгу тутади. Биз ваъз-насиҳат этгувчи, зоҳиран тақводор, дин фидоийси бўлиб кўринган ҳар қандай одамни яхши билмай, яхши танимай динимизни ўрганмаслигимизга ишорадир. У маккор вазир ҳам Инжил ва Тавротдан маъруза қилар, лекин унинг оятларини бузиб талқин қиларди. Одамлар орасига ихтилоф солар, одамларни адаштирарди. Бугунда ҳам Қуръон ва Суннат деб оғиз кўпиртириб гапирувчи, зоҳиран дин фидоийси, аслида дин хоини бўлган, адашган тоифалар урчиб ётибди. Улар ўз сўзлари билан оловдек чиройли кўриниши, яқинлашсак бутун ихлосу эътиқодларимизни куйдириб юбориши мумкин. Мавлоно Жалолиддин Румий яшаган давр ҳам фитналар авжаган бир давр бўлган. Лекин тарихга назар солсак, ҳар асрнинг ўз ғавғоси, ҳар авлоднинг ўз фитнаси, ўз мусибатлари бўлган. Шунинг учун ҳам комил иймон эгалари ҳамиша “Иҳдинас сиротол мустақийм” устунига суянадилар. Ҳамиша Аллоҳдан тўғри йўлни сўраб, ўша йўлда бардавом бўлишга интиладилар. Улуғ тобеъинлардан бўлган зот Муҳаммад ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Албатта, бу илм диндир. Динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг”. Ва шунингдек ҳадиси шарифда ҳам шубҳали нарсалардан четланиш лозимлиги ҳам айтилган. Агар бир инсонга шубҳа билан қараркансиз ёки шубҳали туюларкан, тарк этишингизга монеълик йўқ. Зеро, атроф-жавонибимиз солиҳ аҳли тақво, аҳли илмлар билан тўла. Ўша маккор вазир ҳали-ҳамон турли қиёфа ва ном остида динимизга зиён беришда давом этаётганини унутмайлик. Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy