Kontenut tal-post
#Маснавийдан_сабоқлар 23. ШОҲНИНГ ДАСТУРХОНИ (800-байт) Бу дунё тескарилик устига қурилганки, машаққати роҳат, оқи қора, қораси оқ, чиройи хунук, хунуги чиройли бўлиб чиқади. Балки шу тескариликлар ичида бўлганимиз учунми, дунё бизни алдаши осон. Унга тез алданиб, йўриғида чопиб бораётганимизни сезмай қоламиз. Аллоҳ бизни адаштирмасин. Исо алайҳис салом даврида золим подшоҳ аҳли мусулмонларни олов ёқиб, бут ўрнатиб, иймонларидан кечишни ва омонликка эга бўлишни талаб қилди. Акс ҳолда уларни ўлим кутаётганини таъкидлади. Оловга улоқтирилган чақалоқ эса онасини ва кишиларни оловга киришга даъват этарди. Чақалоқ эса бу олов яхшилик ва омонлик жойи эканини, бу дунё роҳатларидан кўра роҳатлироқ, ҳаловатлироқ эканини айтарди. Шу ерда Мавлоно қуйидаги сатрларни келтирадилар: Кел ўзинг, ҳам ўзгаларни чорла тез, Ўт аро Шоҳ ёзди дастурхон бу кез! Эй онажон, кел оловга ва бошқаларниям оловга чорла. Ахир бу олов ичида Шоҳ – Ҳақ субаҳанаҳу ва таоло карам ва марҳамат дастурхонини ёзди. Муҳаббат ва нажот дастурхонини, розилик ва ғолиблик дастурхонини ёзди. Унга эга бўлишга шошил! У неъматларга сазовор бўлишга интил! Ҳақиқатан бу дунё балолари, офат ва мусибатлари одамлар наздида машаққат бўлиб туюлиши мумкин, лекин Аллоҳнинг авлиёлари ҳузурида роҳат дастурхонидир бу! Валий зотлар ҳамиша балолар ичра яшашган. Шунинг ичида Аллоҳга муҳаббат билан, завқу шавқ билан розилик мақомида умр суришган. Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун умрлари давомида тинимсиз мусибатлар ичида ва балолар ичида синалганлар. Бандамиз, ожизмиз, баъзан “олов”га тушишдан ҳайиқамиз. Ўзимизни ўтдан олиб қочамиз. Лекин ҳадиси шарифларда ҳам келадики, кимки Пайғамбаримизга муҳаббат қилса, фақирликка тайёр турсин, кимки Аллоҳга муҳаббат қилса, балоларга тайёр турсин. Шунинг учун ҳам “Авлиёларнинг либоси балодир”, деб бежиз айтилмаган. Аллоҳга яқин, валий зотлар шундай – “олов” ичра яшайдилар. Биз уларнинг оловларини куйиш, чўғ ва қийноқ деб тушунамиз, аммо у ерда Шоҳнинг дастурхони ёзилган бўлади. Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy