Kontenut tal-post
#Маснавийдан_сабоқлар (881-байт) 25. НАФАС… Ҳаёт ва Нафас. Бу ажралмас бўлак, бири йўқ бўлса иккинчиси ҳам. Нафас тушунчаси тасаввуфда жуда кенг қамровлидир. У барча нарсаларга йўлдир. Азалдан азизларимиз нафасга қаттиқ эътибор қаратганлар. Ҳар бир нафасни беҳуда совирмаслик учун зикр, муроқаба, мушоҳадалар ила унга зеб беришган. Мавлоно ҳазратлари ёзадилар: Бул нафас ҳам жонимиз ҳар онидан, Элтадир кам-кам жаҳон зиндонидан. (Одил Икром таржимаси) Яъники, ҳар бир олаётган нафасимиз бизни бу жаҳон зиндонидан оз-оздан, аста-секинлик билан озод қилади. Зиндонлар ер остида бўлганини инобатга олсак, демак озод бўлишлик юқорига қараб бўлади. Юқори бу ёруғлик, мусаффолик, кенгликдир. Демак, ҳар бир нафасимиз бизни торликдан (зиндондан) кенгликка (озодликка) кўтаради. Шу ерда савол туғилади: бу ҳамма учунми? Тўғри, байтнинг зоҳирий маъносини олсак, ҳар бир нафасимиз бизни бу дунёдан воз кечтиради. Ҳар бир нафасимиз бу дунёдаги вақтимиз қисқараётганига далолат қилади. Аммо бизни юксалтирмайди. Гап шу ерда. Бу зиндондан аста-секин озод бўлишимиз учун биз Аллоҳнинг зикрига машғул бўлишимиз даркор. Шунда кўтариламиз. Шунда Аллоҳнинг фазлу марҳаматига дохил бўламиз! Ҳар бир нафасимиз Аллоҳнинг зикри билан бўларкан, бу жаҳон зинжонидан камолот кенгликларига чиқамиз. Дунёнинг моҳияти ҳам шу, аслида. Биз бу тубан очундан фақат Аллоҳга боғланган ҳолдагина нажот топиб кетамиз. Ўтган валий зотлар шунинг учун ҳам нафасга қаттиқ эътибор қаратганлар. Ҳар бир нафасимиз Ҳақ зикрига боғланган бўлса, бу дунёнинг барча икир-чикирларидан, барча муаммо-ю мусибатларидан, ғаму ташвишларидан юқорилаб кетамиз. Фақат Ҳақ зикригина бизни ўзимиздан, ботқоқ дунёимиздан озод қилади. Бошқа чора, бошқа йўл йўқ! Раҳимжон Али @Rahimjon_Aliy