Kontenut tal-post
Баъзи бизнес коучлардан эшитадиганингиз бир маслаҳат бор - одам ўз олдига мақсад қўйиши керак, усиз ўсиб бўлмайди дейишади. Мақсадни эса доим ёзиб қўйиш, кейин уни янгилаб туриш керак деб таъкидлашади. Мен ҳам шуни тасдиқлайман. Шу рост. Мақсад бўлиши керак. Мақсад аниқ бўлса, ҳаракат тўғри қилинса унга эришиш эҳтимоли жуда баланд бўлади. Ягона қўшимча қиладиган нарсам шуки, айтилганлардан кўра каттароқ нарса бор, бу - дуо. Мўмин дуоларида Аллоҳдан жуда кўп нарсаларни сўраши керак, сўрайди ҳам... Мўмин сўровларини имкон қадар батафсил, худди бошқаларнинг ёзиб олинадиган мақсадлари каби аниқ қилиб, асосийси доимий ва ихлос билан сўрайвериши керак. Ёзиш шартмас, лекин истакларини дуоларида сўрасин. Аллоҳ албатта эшитади ва сўраганини беради. Мақсадини ёзиб олган, лекин дуо қилмаганларчи, уларнинг истаклари қандай амалга ошади? Аслида уларнинг мақсадлари ҳам ўзига хос дуо - уларни ҳам Аллоҳ эшитади. Аллоҳ ҳаммани эшитади. Робисидан сўраган, сўрамасада шуни қаттиқ истаган ва сабабини тўғри қилган бандасига истаганича беради. Бу дунё неъматлари озгина матоҳ, холос. Аллоҳ ҳузурида дунёнинг қадри йўқ, мўминга ҳам, бошқаларга ҳам бераверади. Кимдир мақсадимни ёзиб олиб, жуда хоҳлаганим ва тинимсиз меҳнат қилганим сабабли эришдим деб ҳисоблайди. Яна кимдир истаганимни Роббимдан дуо қилиб сўрадим, Ғаний бўлган Зот бандасига истаганича берди, деб шукр қилади.