Содержимое
#Имзо_йиғиш #Жиззах_вилоят_Кенгаши «Адолатчи»лар масъулиятни чуқур ҳис этишмоқда Бугун партиянинг сайловдаги муносиб иштироки учун қўйилган ҳар бир имзо «Адолат» СДП фаолиятини изчиллик билан олиб боришига берилган ишонч ҳисобланади. Бўлажак сайловлар олдидан юқоридаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда юрт тараққиёти, адолатли ижтимоий давлат қуриш йўлидаги интилишларга ҳар бир партиядошимиз ҳисса қўшяпти. Робахон Махмудованинг Жиззах вилоятида партия ходимлари учун ўтказилган сиёсий ўқув тадбирида иштирок этгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик. Куннинг иккинчи ярмида партия етакчиси Жиззах шаҳридаги Ёшлар шаҳарчасида «Адолат» СДП вилоят Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган имзо йиғиш тадбирида ҳам қатнашиб, жараённинг демократия талаблари, ҳаққонийлик ва очиқлик принципларига қай даражада мос ўтаётганини кузатди. Таъкидлаш жоизки, имзо йиғиш пунктида зарур ахборот ва маълумот воситалари, кўргазмали қуроллар, партия шиорлари ўрнатилган ва ўтган йиллар давомида партия томонидан амалга оширилган муҳим ишлар бўйича маълумот олиш имконияти ҳам мавжуд. Қисқа вақт ичида бу ерга 200 га яқин сайловчининг келгани ҳам жиззахлик «адолатчилар»нинг сайловдаги муносиб иштирок учун ҳаракатни бошлаб юборганини англатади. – Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш сайловчининг ихтиёрий хоҳиши ҳисобланади, – дейди Жиззах политехника институти қошидаги академик лицей ёшлар етакчиси Фарангиз Абдукаримова. – Бунинг учун сайловчи сиёсий партиянинг дастури ва амалий фаолияти билан яқиндан таниш бўлиши керак. Мен олдиндан «Адолат» СДПнинг мақсад ва вазифалари, ғоялари билан танишман ва менга маъқул келганлиги учун партиянинг сайловларда иштирок этишини ўз имзойим билан қўллаб-қувватладим. Партиянинг ёшларга оид «Ватан келажаги ёшлар қўлида», «Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида» лойиҳалари, шунингдек, «Конституция билимдони» кўрик-танловларига ёшларни жалб қилиб келяпмиз. Мен ўз тенгдошларимни ушбу жараёнларда фаол иштирок этишларига чақириб қоламан. Робахон Махмудова сайловчилар билан суҳбатлашиш жараёнида партия электорат манфаатлари йўлида муҳим ташаббус ва таклифларни билдираётгани, партия тузилмалари ва депутатлари фаолияти самарадорлиги сезиларли равишда ошаётганини қайд этди. Шунингдек, бўлажак сайловларда партиянинг вилоятдаги барча бўғинлари фаолиятини ривожлантириш борасида ўз тавсияларини берди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram | Twitter | YouTube