Содержимое
Юрт шарафини юксакларга кўтарган фарзандларимиз! Айни дамда олис Франция заминида ўтаётган Олимпия ўйинларида ёш спортчиларимизнинг зафарли юришлари туфайли Янги Ўзбекистон номи дунё майдонида янада кўпроқ тилга олинаётгани ҳар биримиз учун фахрлидир. Шубҳасиз, Ватанимиз ва юртдошларимиз бу ёшлардан давомли ғалабалар ва янги чўққиларни кутмоқда. Барчамиз жараёнларни катта ҳаяжон ва ўзгача ҳиссиёт билан кузатяпмиз. Бугун ҳам спортчиларимиз юрт шарафи, халқимиз ишончини оқлаш учун катта масъулият билан курашишди. Шукурки, натижаларимиз фахрланарли бўлмоқда. Хусусан, паҳлавон курашчимиз Разамбек Жамалов Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган бўлса, оғир атлетика бўйича терма жамоамизнинг умидли аъзоси Акбар Жўраев мазкур Олимпия ўйинларининг кумуш медалига муносиб кўрилди. Бу медаллар биз учун янада аҳамиятлидир, чунки бу — ҳисобимиздаги олтинчи олтин медаль ва илк кумуш медаллардир. Аҳамиятлиси, ҳали яна мамлакатимиз байроғини сарбаланд кўтаришни мақсад қилган ўғил-қилларимиз шай туришибди. Шулар қаторида иқтидорли таэквондочи қизимиз Светлана Осипова Жанубий Корея вакили Ли Дабинни мағлуб этиб, финалга йўл олди ва бугунги кунда ўзбек таэквондосида илк чемпион қизмиз бўлиш арафасида турибди. Эришилаётган шонли ғалабалар ва тарихий ютуқлар билан спортчи ўғил-қизларимизни, уларнинг яқинлари ва мураббийлари тимсолида бутун халқимизни чин юракдан табриклайман! Шубҳасиз, Янги Ўзбекистон дунё саҳнида барча жабҳаларда бўлгани каби спорт соҳасида ҳам юксак натижалар ва улкан зафарлари билан ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Бу олимпия ўйинлари ҳам юртимиз тарихида ва қалбларимизда оламшумул муваффақиятлар билан абадий сақланади. Умид қиламизки, бугунги тарихий оқшом делегациямиз ҳисобига яна кўплаб шонли медалларни қўшади. Спортчиларимизга келгуси баҳсларда ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламан! Робахон МАХМУДОВА, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram | Twitter | YouTube