Содержимое
«Адолат» социал-демократик партияси қонунчиликда белгиланган 40 минг имзони тўплади ва Марказий сайлов комиссияси қарори билан жорий йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш учун рухсат олди. Аввало, ўз имзолари билан мамлакатимиздаги демократик жараёнлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида партиямизни қўллаб-қувватлаган электоратимиз вакиллари ҳамда ғояларимизга хайрихоҳ бўлган барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Қолаверса, билдирилган ишонч ва адолатли қарор учун Марказий сайлов комиссиясига ҳам алоҳида ташаккуримизни изҳор этамиз. Қадрли ватандошлар! Сизларнинг имзо тўплаш тадбирларидаги фаол иштирокингиз нафақат партиямиз учун, балки жонажон Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Партиямиз учун қўйилган ҳар бир имзо улкан масъулият эканлигини теран ҳис қилган ҳолда, билдирилган ишончни оқлаш, муҳим сиёсий жараёнда муносиб иштирок этиш, айниқса, ҳар бир инсоннинг манфаати ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш ва адолатли жамиятни барпо этиш йўлида бор имкониятимизни сафарбар қилиш устувор мақсадимиздир. Биз бу йўлдан собитқадамлик билан олға борамиз! Ҳамиша “Адолат” билан бирга бўлинг! 🌐Adolat.uz |🔵Facebook | 🚀Telegram |📷Instagram |🐤Twitter | 🎬YouTube