Содержимое
🗓🗓🗓🗓🗓🗓🗓 Дебатда суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланди Жорий йилнинг 5 октябрь куни мамлакатимизнинг бир қатор таниқли телеканаллари орқали сиёсий партиялар раисларининг сайловчилар билан янгича форматдаги учрашуви эфирга узатилди. Бу учрашув, одатий кўрсатувлардан фарқли равишда, партияларнинг сайловолди дастуридаги устувор ғояларини аҳолига батафсил тушунтириш имконини яратди. Шунингдек, сайловчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан партия етакчиларидан аниқ ва батафсил жавоб олишига хизмат қилди. Дебатда партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурини халқчил тилда сайловчиларга тушунтириш баробарида, жамиятимиздаги долзарб масалаларга эътибор қаратилди. Учрашув давомида университет талабаси Жавоҳир Абдуллаев партия етакчисига судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш борасида партиянинг келгусидаги режалари ҳақида савол берди. Робахон Маҳмудова бу масалаларнинг бугунги кунда ўта муҳим эканини таъкидлаб, партиянинг бу борадаги режалари ва ташаббусларига атрофлича тўхталди. Унга кўра, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун адолатли ва мустақил суд тизимини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бу мақсадда партия ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш, маъмурий низоларни судгача ҳал қилиш тартибини жорий қилиш, “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш каби бир қатор муҳим таклифларни илгари сураётганлигини таъкидлади. Партиянинг ушбу ташаббуслари изоҳланар экан, бу фуқароларга енгиллик яратиш ва судлар фаолиятида сифат ҳамда самарадорликни оширишга қаратилган муҳим қадам эканлиги таъкидланди. Таъкидланганидек, судьяларнинг ихтисослашувини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш ва иш юкламасини оптималлаштириш орқали суд қарорларни сифатли қабул қилиниши таъминланади. Маъмурий низоларни судгача ҳал қилиш тартибини жорий этиш фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағини тежашга, шунингдек, давлат органлари фаолиятининг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Мухтасар айтганда, бундай янгича форматдаги мулоқотлар сайловчиларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшмоқда. Сайловчилар партияларнинг дастурлари ва ташаббуслари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, ўз танловини онгли равишда амалга ошириш имкониятига эга бўладилар. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг демократик тараққиёти ва фуқаролик жамиятининг ривожланишига ёрдам беради. Бизни кузатиб боринг! 🌐Adolat.uz |🔵Facebook | 🚀Telegram |📷Instagram |🐤Twitter | 🎬YouTube