Содержимое
#ТАБРИК ОНА ТИЛИМИЗ – БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗ Қадрли ватандошлар! Ўзбек тилининг азиз жонкуярлари! Бундан 35 йил олдин, 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши шонли тарих зарварақларига мустақиллик учун ташланган илк қадам, миллий ғуруримизни қайта тиклаш саҳифаси сифатида муҳрланди. Давлат тили мақоми нафақат ўзбек тилининг расмий ҳуқуқий мақомини белгилаб берди, балки она тилимизнинг давлат бошқаруви, таълим, фан, маданият ва барча соҳаларда ўзига муносиб ўринни эгаллашига йўл очди. Демак, ушбу кун халқимизнинг ўз тилига бўлган юксак эҳтиромини, миллий мустақиллигимизнинг маънавий таянчини ўзида яна бир карра намоён этади. Она тилимиз – ўзбек тили бой тарихга, улкан маънавий меросга эга бўлиб, асрлар давомида халқимизнинг маданияти ва адабиёти орқали сайқал топди. Буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти асрлар оша айнан ўзбек тили орқали бизга етиб келди. Бу тил миллатимизнинг ифтихори, ҳаётимиз ва фаолиятимизнинг ажралмас бўлаги. Она тилимизнинг бойлиги ва гўзаллиги инсон тафаккури ва ҳис-туйғуларини ҳеч бир чекловсиз ифодалаш имкониятига эга. Шоир ва ёзувчиларимиз асрлар давомида ўзбек тилида битилган асарлар орқали дунёда ўзбек тилининг қадри, нуфузини оширишда собитқадам турди. Шоиримиз Эркин Воҳидов: “Сўз – забаржад, сўз – гавҳар, олтин”, деб тилнинг қанчалик нозик ва қадрли эканини бизга тушунтирган бўлса, миллий романчилигимиз асосчиси Абдулла Қодирий “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал”, дея она тилимизнинг нуфузини эътиборини юқори баҳолайди. Ҳурматли юртдошлар! Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўша машҳур ҳикматини яна бир бор эслайлик: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур”. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида айрим ватандошларимиз она тилимизга нисбатан етарли эътибор бермаяпти. Айниқса, ёшларимиз орасида бошқа тилларга мойиллик кучайиб, она тилимизнинг юксак қадри тўлиқ англанмаётгани ачинарли ҳол. Буни бартараф этиш учун она тилига бўлган муносабатини янада мустаҳкамлаш, унинг гўзаллигини, бой ифода воситаларини теранроқ англашлари учун доимий равишда саъй-ҳаракатлар олиб боришимиз керак. Шу мақсадда давлатимиз тил сиёсатида ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини ошириш йўлидаги қатор ислоҳотлар орқали тилимизни халқаро миқёсда юксалтиришга катта эътибор қаратмоқда. Айни пайтда давлат томонидан кўплаб қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, ўзбек тилининг ривожи учун кенг имкониятлар яратиляпти. Ҳозирги кунда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошган, хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ олий ўқув юртида ўзбек тили ўргатилмоқда. Бу эса чет эллик ўрганувчилар, тилимизни ўрганиш учун яратилган электрон платформалар ва дарсликлар тилимизнинг халқаро майдонда ҳам кенгайиб бораётганини кўрсатади. Азиз ватандошлар! Бизнинг бурчимиз – бу улуғ меросни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” социал-демократик партияси учун ўзбек тилини янада ривожлантириш, уни замонавий дунё тилшунослик жараёнларига муваффақиятли интеграция қилиш, илм-фан ва технология соҳаларида ўзбек тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Сизларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан яна бир бор табриклайман! Миллатимизнинг қудрати ва келажаги она тилимизга бўлган ҳурмат ва эътибор билан боғлиқ. Шундай экан, бугунги глобаллашув шароитида биз она тилимизни бойитиш ва ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифани бажаришимиз керак. Ўзбек тилини севиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз, фуқаро сифатидаги масъулиятимиздир. Она тилимизни янада улуғлаш, унинг бойлигини келажак авлодларга тўлиқ етказиш йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик! Робахон МАХМУДОВА, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси 🌐Adolat.uz |🔵Facebook | 🚀Telegram |📷Instagram |🐤Twitter | 🎬YouTube