Содержимое
🗓🗓🗓🗓🗓🗓🗓 Партия етакчиси сирдарёлик санъат ва маданият соҳаси вакиллари билан учрашди Куннинг иккинчи ярмида Сиёсий Кенгаш раиси Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, маскан фаолияти билан танишди. Қайд этиш жоизки, мазкур даргоҳ 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган давр мобайнида нафақат вилоятда, балки мамлакатимиз театр санъати, ўзбек миллий маданият анъаналарини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Театрга таниқли ўзбек драматурги ва режиссёри Олим Хўжаев номи қўйилган. Шу бугунги кунгача драма театри кўплаб мусиқий санъат фестивалларида фаол иштирок этиб келмоқда. Маҳаллий ва республика миқёсида томошабинлар ва театр шайдолари катта қизиқиш билан кутиб олган саҳна асарлари билан машҳур. Театр фаолияти фақат спектакллар билан чекланмай, маданий тадбирлар, семинарлар, мастер-класслар ва ижодий учрашувлар ташкил этишни ҳам ўз ичига олади. Бу тадбирлар маҳаллий ёшлар ва ижодкорларга ўз истеъдодларини намоён қилиш имкони, албатта. Ибрат маскани ҳозирги кунда ҳам фаол фаолият олиб бормоқда. У замонавий талабларга жавоб берадиган намойишлар тайёрлашда давом этмоқда. Театр ижодий жамоаси билан ҳудудда маданий ҳаётнинг фаол иштирокчиси бўлиб, халқни санъатга бўлган муҳаббатини кучайтиришга интилаётир. Танишувдан сўнг Робахон Махмудова бу ерда байналминал соҳа вакиллари билан ҳам суҳбатлашди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугун Сирдарёда рус, корейс, тожик, қозоқ, қирғиз, озарбайжон миллий марказлари фаолият юритяпти. Миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни ривожлантириш борасида мазкур марказлар томонидан бир қатор тарғибот тадбирлари, дўстлик кечалари, анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Маданий алоқаларни янада ривожлантириш, турли миллатлар ўртасидаги тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро маданий тадбирларнинг доимий ташкил этилиши бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Робахон Махмудова бу борада партия Сайловолди дастурида "миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш" таклифи акс этганига алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, бу жамиятда тинчлик, бирлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга ёрдам беради. Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга эканига аҳамият қаратди. Суҳбат давомида миллий маданий марказлар вакиллари ўз режалари ва яқинда ўтказиладиган тадбирлари ҳақида фикр алмашишди. Улар турли миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданий тадбирларни доимий ташкил этиш, ва ўзбек халқининг маданий меросини сақлаш борасидаги чора-тадбирларини муҳокама қилдилар. 🌐Adolat.uz |🔵Facebook | 🚀Telegram |📷Instagram |🐤Twitter | 🎬YouTube