Содержимое
#Табрик ЖОНГА ДАРМОН, ҚАЛБГА МАЛҲАМ ФИДОКОРЛАР! Ҳурматли соғлиқни сақлаш тизими ходимлари! Қадрли шифокор ва ҳамширалар! Инсон учун энг катта бойлик – унинг соғлиги, албатта. Сўзим аввалида шу бебаҳо неъматни асраб-авайлашга ҳамда умрини беморлар дардига дармон бўлишга бағишлаган сиз, азизларни бугунги шукуҳли айём билан табриклашга ижозат бергайсиз. Ҳақиқатан ҳам, соҳадаги меҳнатингиз оддий хизмат эмас. Балки ўз аҳди ва касбий қасамёдига содиқлик, ҳар бир юрак уруши учун кураш ва юксак масъулиятни оқлаш залвори, демакдир. Қолаверса, сиз танлаган касб — энг машаққатли ва шарафли касблардан бири. Бундан кўринадики, касбий маҳоратингиз ва билимингиз инсонлар ҳаётини асрашда, соғлигини тиклашда беқиёс аҳамиятга эга. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Адолат” СДП ҳамиша тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, касбий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Партиямизнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ҳам бу яна бир карра ўз аксини топди. Бу борада соҳадаги биринчи вазифамиз тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам биз, фуқароларнинг саломатлигини таъминлашда кадрлар тайёрлаш масаласига устувор аҳамият қаратдик. Партиямиз бу йўналишда келгуси беш йилликда қонунчилик ислоҳотлари, ижтимоий лойиҳалар ва дастурлар орқали тиббиёт ходимлари фаолиятида самарадорликни ошириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини янада юксалтиришга қаратилган чораларни кўради. Муҳтарам соҳа фидойилари! Партиямизнинг кўп минг сонли аъзолари сафида сиз каби фидоий ва масъулиятли касб эгалари бўлиши барчамизга ғурур ва ифтихор бахш этади. Унутманг, сизнинг касбингизни, қадрингизни ва мақомингизни ҳимоя қилиш ва юксалтириш йўлида “Адолат” партияси доимо сиз билан бирга! Фурсатдан фойдаланиб, сизларни яна бир бор шарафли касб байрамингиз — Тиббиёт ходимлари куни билан чин дилдан табриклаб, мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик ва ишингизда улкан муваффақиятлар тилайман! Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз соғлиқни сақлаш ходимлари! Робахон МАХМУДОВА, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси 🌐Adolat.uz |🔵Facebook | 🚀Telegram |📷Instagram |🐤Twitter | 🎬YouTube