Содержимое
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий Ассамблеяси Раиси жаноб Чан Тхан Ман ҳамда юқори мартабали меҳмон бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётгани, айниқса, Тошкент шаҳрида ўтказилаётган 150-юбилей Ассамблея парламентлараро ҳамкорлик ва инсоният тақдирига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Учрашув давомида икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасида парламентлараро алоқаларнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, жаноб Чан Тхан Ман Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқ ва самарали сиёсатни юқори баҳолаш баробарида, икки томонлама алоқалар ривожида парламентлараро ҳамкорликнинг аҳамиятли ўрин тутишини таъкидлади. Вьетнамлик ҳамкасбларимизга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, қонун ижодкорлиги йўналишида олиб бораётган ишларимиз ҳамда палатанинг қўмита ва комиссиялари фаолияти ҳақида батафсил маълумот бердик. Жаноб Чан Тхан Маннинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон – Вьетнам учун жуда муҳим давлат. Олий даражадаги доимий мулоқотлар келажакда ҳар томонлама кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Тошкентда бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро анжуманда делегациямиз билан иштирок этишимиз ҳам Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурматимиздан далолатдир.” Мулоқот якунида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида мунтазам учрашув ва суҳбатларни кўпайтириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram