Содержимое
Бугун, 9 апрель — буюк давлат ва жамоат арбоби, марказлашган давлат асосчиси, Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 689 йил тўлди. Буюк бобомиз Амир Темур ўз фаолиятида адолат устуворлиги, қонун ва тартибни ҳар қандай жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчи сифатида намоён этди. Унинг “Куч — адолатда!” деган қимматли фикри деярли ҳар биримизга таниш, ўз навбатида, нафақат даври, балки бутун тарих учун олий қадрият вазифасини ўтаган, ҳанузгача ўз долзарблигини йўқотмаган ҳаётий ҳақиқатдир. Бугунги кунда “Адолат” СДП ҳам айнан мана шу қимматли ҳикматни фаолият мезонига айлантириб, замонавий демократик жараёнлар билан уйғунлаштирган ҳолда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, ижтимоий тенгликни таъминлаш, таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида барча учун тенг шароит яратиш каби устувор вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Амир Темурнинг мероси ва “Темур тузуклари”дек — муҳим тарихий-ҳуқуқий манбада акс этган тамойиллар бугунги кунда ҳам давлат бошқаруви, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда улкан аҳамият касб этади. Айни кунларда "Адолат" социал-демократик партияси томонидан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” ана шундай мерос ва адолатпарварлик руҳига ҳамоҳанг, биз учун фаолият дастуримизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Ҳақиқатан, коррупция — бу фақат иқтисодий ёки ҳуқуқий муаммо эмас, балки жамиятда ишонч, тенглик ва адолат тамойилларига путур етказувчи хавфдир. Амир Темур давлатида давлат мулки ва бойликларига хиёнат қилган амалдорлар қаттиқ жазоланган, чунки Амир Темур билар эдики, адолатсизлик, таъмагирлик ҳолатлари кучайса, юртдан фаровонлик кўтарилади. Биз мана шундай тарихий сабоқлардан хулоса чиқариб, коррупцияга қарши курашни мустаҳкам ҳуқуқий, маънавий ва фуқаролик асосларига таянадиган кенг қамровли ҳаракат сифатида ташкил этмоқдамиз. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларида шаффофликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва бошқа соҳаларда коррупцияни йўқ қилиш — партиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram