Содержимое
#Қутлов Европа қизлар математика олимпиадасида юртимиз терма жамоаси тарихий ғалабага эришди! Сир эмаски, бугун дунёдаги ривожланган давлатлар интеллектуал салоҳиятни стратегия сифатида баҳолаб, инсон капиталини ривожлантиришга энг устувор йўналишлардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратмоқда. Албатта, бу борада илм-фан, айниқса, аёл-қизлар таълимига бўлган ёндашув халқаро майдонда юрт обрўси, келгусидаги тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги, адолат тамойилларининг ифодаси сифатида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 11–17 апрель кунлари Косова Республикасида бўлиб ўтган Европа қизлар математика олимпиадасида юртимиз вакилаларининг илк иштироки ва муваффақиятли натижаларини муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этсак арзийди. Юртимиз терма жамоаси аъзолари тошкентлик Дилдора Маҳкамова кумуш медалга, нукуслик Малика Хўжамуротова ҳамда бухоролик Настарин Камолова бронза медалга сазовор бўлгани сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланиши учун муносиб шарт-шароит яратишга қаратилган эътиборнинг ёрқин далилидир. Қизларимиз қўлга киритган ютуқлар имконият берилса, ишонч билдирилса, улар фақат оила эмас, балки миллат келажаги, фан ривожи, интеллектуал тараққиётнинг етакчиси бўла олиши ҳаётий ҳақиқат эканини яна бир бор исботлайди. Маълумки, “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илм-фан билан шуғулланиш истагида бўлган олима хотин-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳага оид қонунчиликка қўшимча имтиёзларни кўзда тутувчи нормаларни киритиш таклифи ўрин олган. Қонунчиликка ўзгартишлар киритиш орқали биз келгусида аёл-қизларнинг илм-фандаги иштирокини янада кенгайтириш ва юртимизда интеллектуал салоҳиятни янада юксалтиришга замин яратишни мақсад қилганмиз. Ватанимиз шаънини юксакликка кўтарган қизларимизни дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан ташриф буюрган 300 нафар иқтидорли қизлар орасида эришган шонли ғалабаси билан қутлаймиз! Муваффақиятларингиз бардавом бўлсин, азиз қизлар! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram