Содержимое
#Қорақалпоғистон_Республикаси_Кенгаши "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида ташкил этилган “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳудудий бошқармаси ходими Н.Бердиниязова, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлими катта прокурори Н.Юлдашев, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди. Суҳбат давомида иштирокчилар мамлакатимизда коррупцияга қарши олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида фикр алмашишди. Партия етакчиси ўз нутқида таълим муассасаларида шаффофликни таъминлаш, таълим соҳасини ҳар қандай кўринишдаги манфаатлар тўқнашуви ва адолатсизликдан холи этиш муҳим эканини алоҳида таъкидлади. – Бугун коррупцияга қарши кураш нафақат ҳуқуқий, балки маънавий масаладир. Бу курашда ёшларимизнинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки адолатни қадрлаган, ўз фаолиятида ҳалолликни устувор деб биладиган авлодгина коррупцияни рад этишга қодир бўлади, – деди Робахон Махмудова. Давра суҳбати савол-жавоблар, ҳаётий мисоллар ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Талабалар коррупциянинг кундалик ҳаётдаги турли кўринишлари ҳақида ўз қарашларини баён қилишди, ўзларини ўйлантираётган саволларга жавоблар олишди. – Агар биз коррупцияга нисбатан муросасиз позицияда туриб, ҳар бир соҳада шаффофлик ва жавобгарликни таъминласак, адолат устувор бўлган фуқаролик жамиятига эришамиз. “Адолат” социал-демократик партияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу ойлик фақат ташвиқот эмас, балки амалий ҳаракатлар майдонидир. Шу боис, ҳар бир юртдошимизни коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этишга чақириб қоламан. Зеро, адолат қарор топиши учун ҳар биримиз масъулмиз, – дея таъкидлади партия раиси. Якунда иштирокчилар ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, жамиятда адолат мезонларини мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги бўйича керакли маълумот ҳамда тавсияларга эга бўлишди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube