Содержимое
#Қорақалпоғистон_Республикаси_Кенгаши Сиёсий Кенгаш раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказиш, уларни қийнаётган муаммоларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш, турмуш шароити ва кундалик эҳтиёжларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Тўрткўл туманидаги “Янгиобод” маҳалласида яшoвчи, биринчи гуруҳ ногирони Шарофат Авезова билан суҳбатда унинг оилавий шароити яхши эмаслиги маълум бўлди. Шарофат опанинг бир нафар қизи ва мактаб ёшидаги невараси бор. Айни пайтда қизи Россия федерациясида ишлаяпти. Хонадон бекаси бахтсиз ҳодиса натижасида олган жароҳати туфайли кундалик парваришга муҳтож. Партия етакчиси оила ҳолатини ўрганиб, тегишли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда амалий ёрдам бериш ишларини муҳокама қилиб, муаммонинг тизимли ечими бўйича таклиф берди. Хусусан, Шарофат Авезованинг қизини Ватанга қайтариб, шу ернинг ўзида барқарор иш билан таъминлаш, хонадонни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни жадаллаштириш вазифасини белгилаб олди. — Жамиятда ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолмаслиги керак. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳар доим давлат ва жамоатчилик кўмагини ҳис қилиши зарур. Биз инсон қадри устувор давлат қуришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун эса амалий ишлар, ҳар бир хонадонга етиб бориши, муаммоларни ечиш — энг муҳим вазифамиздир, — деди Сиёсий Кенгаш раиси. Якунда Робахон Махмудова партия ушбу оилани ўз қарамоғига олиб, давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагига муҳтож фуқаролар рўйхатига киритиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан кафолатли фойдаланиши доимий кузатувда бўлишини маълум қилди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube