TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #1994

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры1,730Количество просмотров
Опубликован2 мая02.05.2025, 16:21
Содержимое поста

Содержимое

#Муносабат Хоразмда бой тарихий ва маданий мерос замонавий тараққиёт билан уйғунлашмоқда Хоразм азалдан ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари, шаҳарсозлик меъморчилиги ва оламга донғи кетган илмий мактаблари билан машҳур. “Буюк ипак йўли” чорраҳасида жойлашган бу кўҳна замин турли халқ ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот, тажриба ва илм алмашинувида асосий марказлардан бири бўлганига оқсоч тарих шоҳидлик беради. Ҳозирда ушбу бой тарих ва маданий мерос замонавий тараққиёт жараёнлари билан уйғунлашмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишлар натижасида вилоят бутунлай янги қиёфага кирди. Инфратузилма объектларининг барпо этилиши, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган амалий ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 1–2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи эса ана шу юксалишлар жараёнига янги суръат бахш этгани билан аҳамиятли бўлди. Ташриф давомида Президентимиз раислигида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор режа ва мақсадлари белгилаб олинди. Жумладан, жорий йил якунигача юқори технологиялар билан амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётларининг улушини 35 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бу, ўз навбатида, тиббий хизматни сифат жиҳатидан такомиллаштириб, ҳудудда тиббий технологиялардан фойдаланишни кенгайтиради. Албатта, бу борада кадрлар тайёрлаш, мавжуд моддий-техник базани мустаҳкамлаш муҳим. Шу мақсадда Урганч шаҳридаги тиббиёт олийгоҳида йилига 1 минг 600 нафар врач тайёрланаётгани, шунингдек, 500 та хусусий клиника фаолият юритаётгани вилоятда тиббий хизматлар сифатини оширишга ёрдам бериши керак. Лекин ҳалигача сервисдаги тиббий хизматлар улуши 2 фоиздан камлиги, бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча ислоҳотларни талаб қилаётгани айтилди. Шундан келиб чиқиб, йил якунигача Шовот ва Янгиариқ туманларида соғломлаштириш хизматларини ташкил қилиш вазифаси белгиланди. Маълумки, иқтисодий ривожланишнинг янги қиёфаси нафақат шаҳарлар, балки барча туманлардаги инфратузилманинг қайта тикланишига боғлиқ. Боғчалар ва ижтимоий объектлардаги иситиш тизимларини яхшилаш ва энергия самарадор манбаларга ўтиш, нафақат аҳоли учун қулайликни, балки экологик барқарорликни таъминлайди. Шунингдек, Хоразм вилоятидаги 359 та боғча иситиш тизимини гелиоколлекторлар билан жиҳозлаш ва 420 та ижтимоий объектдаги эскирган иситиш қозонларини янгилаш режалаштирилди. Ушбу ислоҳотлар ҳудуддаги экологик кўрсаткичларни яхшилаш ва иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Йиғилишда Урганч туманидаги "Адолат", Қўшкўпир туманидаги "Ифтихор", Ҳазорасп туманидаги "Янгибозор" маҳаллаларида жойлашган мактаблар иккидан юқори коэффициентда фаолият юритаётгани таълим сифатига салбий таъсир қилаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга ушбу ҳудудларда хусусий мактаблар очиш ёки қўшимча бино қуриш бўйича таклифлар киритиш топширилди. Бу саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, ёшларга сифатли таълим олиш имкониятини тақдим этади. Аҳамиятлиси, “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган устувор йўналишлар — сифатли таълим, замонавий тиббий хизматлар, шаффоф бошқарув, гендер тенглик ва маҳаллий иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш каби жиҳатлар Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ўзаро уйғунликда кечаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Адолат” СДП давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини қўллаб-қувватлайди ва уларнинг самарали амалга оширилишини ҳудуддаги партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси орқали тизимли ўрганиб бориш, жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда долзарб масалалар юзасидан таклифлар билдиришда фаол иштирок этади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram