Содержимое
Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган кун бўлиши билан бир пайтда бизнинг фракциямиз ҳамташаббускорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси қабул қилинган сана сифатида тарихда қолди. Аниқроғи, биз айнан шу бугун парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқдик ва қизғин муҳокамалардан сўнг қабул қилдик. Ушбу қонунга кўра, эндиликда бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимлари ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси томонидан кафолатли эгалланади. Бундан ташқари, ўзини мухолифат деб эълон қилган фракция ёки фракциялар қайси масалада ёки кимни чақириб “ҳукумат соати”ни ўтказиш ёки кимга, нима сабабдан парламент сўровини юбориш ҳуқуқига ҳам эга бўлмоқда. Яъни, мухолифатчилар йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш орқали ҳам “ҳукумат соати”ни ўтказиш, ҳам парламент сўровини юбориш ташаббусини билдириши мумкин бўлади. Қолаверса, мухолифат тақдим этиши мумкин бўлган муқобил таҳрирдаги қонун лойиҳаси қандай тартибда муҳокама қилиниши бўйича қонунчиликка аниқликлар киритилмоқда. 🔴“Адолат” фракцияси аъзолари доимгидек бу борада ҳам қатъий ва мустаҳкам позициясини баён қилади: ⚡️Бизнинг фикримизча, парламентдаги мухолифат демократик тизимнинг ажралмас қисми бўлиб, у парламентда плюрализмни кучайтириб, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди. ⚡️Мухолифат фракциялар ва уларнинг аъзолари томонидан билдириладиган конструктив таклиф ва танқидлар парламентда қабул қилинадиган қарорларнинг сифати ва шаффофлик даражасини оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. ⚡️Мухолифат фракция ёки блоклар парламент йиғилишларида қатнашганда ўзининг мустақил ва холис фикрини баралла айта олиши учун барча имконият ҳамда ҳуқуқларга эга бўлишини тўғри деб биламиз. ⚡️Халқ демократик партияси фракцияси мухолифат фракция сифатида қўшимча ҳуқуқ ва ваколатларга эга бўлиши ҳам бизни ўз электоратимиз манфаатларини қатъий ҳимоя қилишдек мақсадимизни амалга оширишдан қайтара олмайди. ⚡️Бошқача айтганда, биз сафимизда самарали ва таъсирчан мухолифат ишлашидан, уларнинг танқидидан чўчимаймиз. Зеро, қарши ёки муқобил фикрни эшита олсаккина, сиёсий майдонда соғлом рақобат юзага келади ва умумжамият манфаатига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинади, деб ҳисоблаймиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram