Содержимое
#Қутлов МУСТАҲКАМ ОИЛА — ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ, МИЛЛАТ КАМОЛОТИНИНГ БЕШИГИДИР! Оила — инсон тарбияси, миллий қадриятлар ва маънавий комиллик асоси бўлган муқаддас маскан. Миллатнинг маънавий юксалиши, соғлом ва барқарор жамият ривожи, аввало, оилалардаги тарбия ва ижтимоий муҳитга бевосита боғлиқ. 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 15 май санаси расман Халқаро оила куни сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Ҳар бир давлат ва жамиятнинг энг кичик, аммо муҳим ижтимоий бўғини бўлган оилага эътиборни кучайтириш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва соғлом авлод тарбиясидаги ролини оширишни мақсад қилган бу кун юртимизда ҳам кенг нишонланади. Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатда оила институтини қўллаб-қувватлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор. Бугунги кунга келиб оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, ёшларни соғлом муҳитда тарбиялаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар деярли ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз самарасини бераётгани бунинг ёрқин далилидир. "Адолат" социал-демократик партияси ўзининг Сайловолди дастурида оила институтининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, оила қураётган барча йигит ва қизлар учун уларни ижтимоий, психологик, моддий ва ҳуқуқий тарафдан турмушга тайёрлайдиган “Ёш оила” платформасини йўлга қўйиш каби таклифларни илгари сурган. Партиямиз оилани жамиятдаги ижтимоий адолат, тенглик, бағрикенглик, тараққиёт ва тинчлик сингари улкан қадриятларнинг манбаи сифатида мустаҳкамлашга интилади. Шу билан бирга ҳар бир фарзанд соғлом муҳитда, миллий ва умуминсоний қадриятларга таянадиган, билимли ва ватанпарвар шахс сифатида улғайиши учун зарур шароит яратиш ҳамда ёшларнинг таълим ва тарбияда тенг имкониятларга эга бўлиши тарафдоримиз. Бунинг учун оилага оид қонунчиликни такомиллаштириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш бўйича амалий ташаббуслар билан чиқишда давом этамиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимиз ва қадрли партиядошларимизни 15 май — Халқаро оила куни билан табриклаймиз ҳамда ҳар бир оилада тинчлик-тотувлик, меҳр-муҳаббат муҳити ҳамиша ҳукмрон бўлишини тилаймиз! Юртимизда соғлом, маънавий мустаҳкам, давлат ва жамият учун муносиб хизмат қиладиган фарзандлар тарбияловчи оилалар сони ортиб бораверсин! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram