Содержимое
Сиёсий фаол ёшлар – адолатли жамиятнинг мустаҳкам пойдевори 🔴 Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фаол ёшлари учун муҳим сана бўлди. Боиси, партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига партиядан сайланган энг фаол ва умидли ёшлар билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувнинг асосий мақсади нафақат янги сайланган Ёшлар парламенти аъзоларини қутлаш, балки уларга партия ишончининг рамзи бўлган ёрлиқларни топширишдан иборат бўлди. Муҳим жиҳати шундаки, партия раҳбари ёшларнинг келгуси фаолиятини самарали йўлга қўйиш, уларга сиёсий майдонда зарур бўлган кўникма ва маслаҳатлар бериш орқали устоз-шогирд анъаналарига содиқ қолган ҳолда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратди. Тадбир давомида партия етакчиси Робахон Махмудова ёшларга ўзининг самимий тилакларини билдириб, уларнинг келгусидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида муваффақиятлар тилади. Учрашувда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг аъзолари ҳам иштирок этиб, ўзларининг қимматли тажрибалари ва тавсиялари билан ўртоқлашдилар. Йиғилиш давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар комиссияси раиси ўринбосари ҳамда партия фракцияси аъзоси Беҳзод Тўхтамуродов сиёсий партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентидаги ёшлар гуруҳини расман тузиш ва унга раҳбар тайинлаш масаласига эътибор қаратди. “Адолат”чи ёшлар орасида ўзининг фаоллиги ва ташаббускорлиги билан алоҳида ажралиб турган Шерзодхон Исламовга бу муҳим ва масъулиятли вазифа ишониб топширилгани ёшлар томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди. Тадбирнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири Ёшлар парламентининг янги аъзоларига ишонч ёрлиқлари ҳамда “Адолат” партиясининг рамзи туширилган эсдалик совғаларини топшириш маросими бўлди. Бу жараён ёшларнинг сиёсий ҳаётидаги янги босқичнинг бошланиши сифатида рамзий маънога эга бўлди. 🔹 Эндиликда Ёшлар парламентида “Адолат” социал-демократик партиясининг 21 нафар аъзодан иборат ёшлар гуруҳи фаолият юритади. Ушбу гуруҳ мамлакатнинг энг иқтидорли ва фаол ёшларидан таркиб топган бўлиб, улар ўз ҳудудларидаги ёшларнинг долзарб муаммоларини чуқур ўрганиш, уларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш ва ёшлар ўртасида очиқ муҳокама қилиш орқали амалий ечимлар топишга интилади. Бундан ташқари, “Адолат”чи ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган қонун ижодкорлиги жараёнида бевосита иштирок этиб, ўз тенгдошларининг орзу-истакларини қонунчиликка татбиқ этиш, уларнинг конструктив ва инновацион таклифларини Олий Мажлисга етказиш орқали жамият тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилган. Партия етакчиси Робахон Махмудова ўзининг сермазмун нутқида “Адолат” социал-демократик партияси ёш авлоднинг сиёсий фаоллигини ҳар томонлама оширишга доимий устувор вазифа сифатида қарашини таъкидлаб ўтди. Қолаверса, йиғилишда ёшларнинг мамлакат парламентидаги фаол иштироки Янги Ўзбекистоннинг барқарор келажагини барпо этишда муҳим ва стратегик аҳамият касб этиши қайд этилди. Шунингдек, партия раҳбари ёшларга билдирилган улкан ишонч ва масъулиятни чуқур ҳис қилишлари, келгуси фаолиятларида адолат тамойиллари асосида жамият манфаатларига хизмат қиладиган самарали лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишлари зарурлигини таъкидлади. Учрашувнинг якуний қисмида партия фракцияси аъзолари янги сайланган ёшларга ўзларининг самимий тилакларини йўллаб, уларнинг Ёшлар парламентидаги фаолияти давомида улкан зафарлар ва ютуқларга эришишларига ишонч билдирдилар. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube