TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2049

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры461Количество просмотров
Опубликован29 мая29.05.2025, 15:36
Содержимое поста

Содержимое

#Бухоро_вилояти_Кенгаши Ғиждувон кулолчилик мактаби –анъана ва тадбиркорлик мужассамлашган маскан Маълумки, жорий йилнинг 26 май куни Президентимиз раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бу борадаги долзарб вазифалар белгиланган эди. Мазкур йиғилишда маҳаллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида урғу берилган эди. 🔴 Шу муносабат билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Бухоро вилоятига хизмат сафари доирасида Ғиждувон туманида бўлиб, қадимий ҳунармандчилик марказининг фаолияти билан яқиндан танишди. Жараёнда партия етакчиси Ғиждувон кулолчилик мактаби раҳбари, моҳир уста кулол Алишер Нарзуллаев билан учрашиб, миллий ҳунармандчиликнинг ривожи, устоз-шогирд анъаналари ва тадбиркорлик фаолияти, туристик хизматлар ҳамда бу борада амалга оширилаётган ташаббуслар билан қизиқди. Таъкидлаш жоизки, қадимий ва бой тарихга эга Ғиждувон кулолчилик санъати бугунги кунда замонавий ижтимоий лойиҳалар билан уйғунлашган ҳолда янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Минг йиллар давомида халқимизнинг ноёб мероси сифатида эъзозланиб келинган бу ҳунар, айниқса, аҳоли, шу жумладан, ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизнинг бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада тадбиркор, уста кулол Алишер Нарзуллаев ана шундай ташаббускор ва фидойи инсонлардан бири ҳисобланади. У бугун ўз хонадонини нафақат ижодий устахонага, балки маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган жозибадор туристик масканга айлантирган. Бу ерга келган меҳмонлар Ғиждувон кулолчилигининг ноёб санъат асарлари билан танишиш баробарида, миллий кулолчилик жараёнини бевосита ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлмоқдалар. Айтиш жоизки, Алишер Нарзуллаев кулолчилик соҳасида саккизинчи авлод вакилидир. У аждодларидан мерос бўлиб қолган бебаҳо ҳунарни нафақат авайлаб сақламоқда, балки уни янада ривожлантириб, ўзининг ёрқин услубига эга бўлган кулолчилик мактабини яратган. Унинг раҳбарлигида бир неча истеъдодли шогирдлар, жумладан, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ҳам ҳунар сирларини ўрганмоқдалар ва доимий иш билан таъминланмоқдалар. Айни вақтда Алишер Нарзуллаевнинг хонадони ҳақиқий маънода ҳунар ва ижтимоий масъулият уйғунлигининг ёрқин намунасидир. Бу ерда кулолчилик санъати иқтисодиётнинг ривожланишига хизмат қилса, анъанавий ҳунар эса кўплаб инсонларнинг оилавий фаровонлигига мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда. Учрашув давомида партия етакчиси Робахон Махмудова уста Алишер Нарзуллаевнинг лойиҳа доирасида олиб бораётган ишларининг ижтимоий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди. Маҳаллий ҳунармандлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш орқали жамиятдаги бандликни таъминлаш, айниқса, эҳтиёжманд қатламларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга хизмат қилувчи бундай эзгу ташаббусларни келгусида ҳам изчил давом эттириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, бундай ижтимоий лойиҳалар нафақат иқтисодий юксалишга, балки миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказишга ҳам беқиёс ҳисса қўшади. Суҳбат чоғида давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ва бу борада яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, ҳунармандчилик ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube