Содержимое
"Ҳаж текстиль" МЧЖ – ишлаб чиқариш, экспорт ва ижтимоий масъулият намунаси Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг иқтисодий салоҳиятига сезиларли ҳисса қўшиб келаётган “Ҳаж текстиль” масъулияти чекланган жамияти қисқа вақт ичида республикамиз даражасида текстиль саноатида ўз ўрнига эга бўлишга муваффақ бўлди. 2021 йилда ташкил этилган мазкур корхона, ўзининг инновацион ёндашуви ва фидойи жамоаси туфайли тез суръатлар билан ривожланиб, бугунги кунда 1515 нафар фуқарони доимий иш ўрни билан таъминламоқда. Айни вақтда хизмат сафари билан Бухоро вилоятида бўлиб турган “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова мазкур корхона фаолияти билан танишди. “Ҳаж текстиль” МЧЖ кийим-кечак маҳсулотларининг кенг ассортиментини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона томонидан яратилаётган замонавий ва сифатли маҳсулотлар нафақат ички бозорда харидоргир бўлмоқда, балки қўшни давлатлар ва узоқ хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. “Ҳаж текстиль” вилоят умумий экспорт ҳажмининг сезиларли қисмини, яъни 20 фоизини таъминлаб, минтақа иқтисодиётининг барқарор ривожланишига муҳим ҳисса қўшиб келмоқда. Корхонанинг яна бир муҳим хусусияти – ёш кадрларга бўлган эътибори ва уларнинг профессионал ўсишига яратилган шароитлардир. “Ҳаж текстиль” базасида замонавий ўқув хоналари ташкил этилган бўлиб, бу ерда ёшлар малакали устозлар раҳбарлигида тикувчиликнинг энг сўнгги технологиялари ва усулларини чуқур ўрганиш имкониятига эга. Назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғун ҳолда олиб борилиши ёшларнинг тез фурсатда маҳоратли тикувчи сифатида шаклланишига замин яратмоқда. Бу орқали корхона нафақат ўз эҳтиёжлари учун малакали кадрлар тайёрламоқда, балки туманда ёшларнинг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Корхона раҳбари Нурмуҳаммад Акилов бошчилигидаги жамоа фаолияти фақатгина ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланмайди. Улар ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, хусусан, кам таъминланган оилалар ва ишсиз ёшларга барқарор иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бу ташаббус нафақат корхона ходимларининг фаровонлигини оширишга, балки бутун туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу илғор тажриба партиямиз етакчиси томонидан ижобий баҳоланди. Корхона раҳбарининг ташаббускорлиги ва ходимларга яратилган имкониятлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. 🔴 Ўрганиш якунида корхонанинг 17 нафар фаол ишчи ходими “Адолат” социал-демократик партияси сафига қабул қилинди ва корхонада партиянинг бошланғич ташкилоти тузилди. Бу ходимлар ўзларининг сиёсий ва фуқаролик позицияларини фаол ифода этиш, жамият ҳаётида янада фаол иштирок этиш ҳамда “Адолат” СДПнинг мақсад ва вазифаларини амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлишди. Бугун мазкур корхона нафақат замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш мажмуаси, балки ўз ходимлари учун таълим ва касб-ҳунар ўргатиш маркази, туман аҳолиси учун эса ижтимоий барқарорликни таъминловчи муҳим маскан сифатида республикамизнинг бошқа корхоналари учун чинакам ибрат бўлмоқда. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube