Содержимое
#Бухоро_вилояти_Кенгаши Маҳаллий енгил саноат тараққиёти: Сифат, технология ва ишлаб чиқаришдаги муваффақиятлар Мамлакатимизда енгил саноат соҳасини ривожлантириш, маҳсулотлар сифатини халқаро стандартларга мослаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлаш, мавжуд ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Бухоро вилоятида фаолият юритаётган бир қатор замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Шундай корхоналардан бири — Бухоро шаҳар Садриддин Айний маҳалласида жойлашган “Bosso Tex” масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона ўзининг инновацион ишлаб чиқариш тизими, сифатга бўлган ёндашуви ва бозордаги фаоллиги билан ажралиб туради. “Bosso Tex” МЧЖ кундалик ҳаётда кенг қўлланиладиган, қулай, ўзгача дизайнга эга дастурхон ва салфеткалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада 70 нафар ишчи-ходим фаолият олиб боради. Аҳамиятлиси, ишчиларнинг асосий қисмини Садриддин Айний маҳалласи фуқаролари ташкил этади. Корхона раҳбари Хожиакбар Тўраев бошчилигида ташкил этилган ишлаб чиқариш марказида хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган барча технологик босқичлар бир жойнинг ўзида амалга оширилади. Бундай ёндашув маҳсулот сифатини доимий назорат қилиш, самарадорликни ошириш ва рақобатбардош нарх сиёсатини юритиш имконини бермоқда. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми кунига 50 000 дан 100 000 донагача етмоқда. Ишлаб чиқариш линиялари замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, маҳсулотлар халқаро сифат стандартларига тўлиқ жавоб беради. Бу эса, ўз навбатида, нафақат ички бозорда, балки хорижликларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, корхонада Германиянинг "Lufthansa" авиакомпанияси буюртмаси асосида маҳсулот ишлаб чиқарилади. Маълумот учун, "Lufthansa" Германиянинг энг йирик авиакомпанияси бўлиб, "Star Alliance" авиакомпаниялари альянси асосчиларидан ҳисобланади. Маҳсулот сифатининг юқорилиги ва етказиб беришдаги барқарорлик хорижий мижозлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Ушбу муваффақият нафақат иқтисодий барқарорликни таъминламоқда, балки маҳаллий аҳолининг бандлигини оширишга, айниқса, аёллар ва ёшлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилмоқда. Партиямиз етакчиси таъкидлаганидек, “Bosso Tex” МЧЖ фаолияти – маҳаллий саноатни ривожлантириш, юқори технологияларни жорий қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги самарали ёндашувларнинг натижадорлигига яққол мисол бўлади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube