Содержимое
#Табрик СИЗЛАР БИЗНИНГ УМИДИМИЗ, КЕЛАЖАГИМИЗСИЗ! Азиз болажонлар! Сизларни 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан чин дилдан табриклаймиз! Сизлар шу буюк миллатнинг келажаги, жонажон Ватанимизнинг бебаҳо бойлиги, порлоқ келажагимизнинг муносиб ворисларисиз. Бугунги кунда мамлакатимизда сизларнинг жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб ўсишингиз, илмли ва зукко авлод сифатида вояга етишингиз учун улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 🔴 "Адолат" социал-демократик партияси ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни доимо қўллаб-қувватлайди ва уларда фаол иштирок этади. Сайловолди дастуримизда белгиланган барча мақсадларимиз ҳам айнан сизларнинг фаровон келажагингизни таъминлашга қаратилган. Биз ёш авлоднинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг соғлом вояга етиши учун барча шароитларни яратиш, эртамиз эгаларининг соғлом ўсиши ва спорт билан шуғулланишини оммалаштириш мақсадида ҳар бир маҳаллада болалар спорт майдончаларини ташкил этиш, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш каби бир қатор муҳим вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз. Шунингдек, оила институтининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болалик муҳофазасини кучайтириш мақсадида "Оналик, оталик ва болаликнинг давлат муҳофазаси тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш ҳам диққат марказимизда. Мамлакатимизда сизлар таълим олаётган боғча ва мактабларнинг замонавий бўлиши, ўқиб-ўрганишингиз учун барча шарт-шароитлар яратилиши, спорт билан мунтазам шуғулланишингиз учун майдончалар барпо этилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани бизни ниҳоятда қувонтиради. Буларнинг барчаси сиз, азиз болажонлар учундир. Сизнинг беғубор дунёйингиз, кўзларингиздаги қувонч, юзларингиздаги табассум биз, катталарнинг ҳаётини янада мазмунли ва ёрқин қилади. Ишонамизки, сизлар улғайиб, энг етук мутахассислар, ўз Ватанининг фидойи инсонлари бўлиб етишасиз. Ораларингиздан Ватан посбонлари, моҳир шифокорлар, закий ўқитувчилар, жаҳон чемпионлари, қонун устуворлигини таъминлайдиган ҳалол халқ вакиллари етишиб чиқишига аминмиз. Биз, «Адолатчилар» сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни доимо ҳимоя қилишга, бахтли болаликни ҳис этиб улғайишингизга, доимий эътибор ва ғамхўрликда бўлишингизга бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Кўзларингиздаги қувонч, бахт, меҳр учқуни сизларни ҳеч қачон тарк этмасин! Байрамингиз муборак бўлсин, азиз болажонлар! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube