Содержимое
Ёш авлод саломатлиги ва тарбияси – доимий эътиборда Бухоро шаҳридаги 76-сонли мактабгача таълим ташкилотида кичкинтойлар учун унутилмас воқеалик – тайёрлов гуруҳи болажонларининг “Сўнгги қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди. 🔴 Маҳаллий саноатни ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳолати бўйича Бухорода ўрганиш олиб бориш мақсадида вилоятга хизмат сафари билан борган Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ушбу тадбирга ташриф буюрди. Байрамона руҳда ўтган тадбирда эртамиз эгаларининг дилбар чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Истеъдодли кичкинтойларнинг шўх қўшиқлари, дилрабо рақслари, ақлий ўйинларни ифода этувчи намойишлари ҳамда ота-оналарнинг бу ердаги болаларга сифатли таълим ва тарбия беришга қаратилган ёндашувлар юзасидан ижобий фикрлари, айниқса, тарбиячиларнинг маҳорати мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ишларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Партиямиз етакчиси ўз навбатида болажонларга эзгу тилаклар билдириб, уларнинг ҳар томонлама баркамол, соғлом ва ватанпарвар авлод бўлиб вояга етиши йўлида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритаркан, бу борада партия томонидан илгари сурилаётган муҳим ташаббусларга ҳам алоҳида тўхталди. Тадбир асносида болаларнинг саломатлиги масаласига ҳам эътибор қаратилди. Ясси оёқлик ва сколиоз каби касалликларнинг эрта олдини олиш мақсадида малакали шифокорлар иштирокида бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Кўрик натижаларига кўра, айрим болаларнинг саломатлиги билан боғлиқ бир қатор муаммолар аниқланиб, бу борада ота-оналарга зарур тавсиялар берилди, шунингдек, малакали мутахассислар томонидан уларни соғломлаштириш муолажалари учун йўлланмалар тақдим этилди. Партия раҳбари таъкидлаганидек, аҳолининг соғлом авлод тарбиясига оид эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни эрта босқичда аниқлаш орқали тизимли ва самарали чора-тадбирлар кўриш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Мактабгача таълим тизими – фарзандларимизнинг илк билим, тарбия ва соғлом ҳаёт сари қўйиладиган муҳим қадами бўлиб, бу масканда яратилган ҳар бир имконият келажак авлод саломатлиги ва интеллектуал салоҳиятининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади – деди Робахон Махмудова. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube